
Марказий Осиё мамлакатлари орасида Ўзбекистон 2026 йилги жаҳон чемпионатининг минтақавий саралаш турнири учинчи босқичини муваффақиятли якунлаш арафасида турибди. Футболчиларимизнинг иккита учрашув олдидан мундиалга чиқиш имкониятида жуда юқори баҳоланмоқда.
Қозоғистон терма жамоаси эса, Шимолий Америка сари юришини энди бошлади. Қўшниларимиз дастлабки икки учрашувни сафарда ўтказиб, Уэльсга 1:3 ҳисобида ютқазди ва Лихтенштейнни 2:0 ҳисобида енгди.
Ғалабали ўйиндан кейин Қозоғистон терма жамоаси бош мураббийи вазифасини бажараётган Али Алиев Ўзбекистон ва Қирғизистон футболчиларининг муваффақиятларини баҳолай туриб, агар Қозоғистон Осиёда ўйнаганида жаҳон чемпионатига осонликча чиқиши мумкинлигини айтди.
Алиевнинг бу фикри ўзбек ва қозоқ фанатларининг жумбушга келишига сабаб бўлди. Қозоғистон футболини ёритаётган sports.kz сайти мухлисларнинг бош мураббий фикрига ижтимоий тармоқларда билдираётган муносабатларини келтирди. Улар билан танишинг:
“Жанубий Корея, Қатар, Япония, Ўзбекистон ва Саудия Арабистони биздан устун”.
“Бизга қанақа эртаклар айтяпсан, Алиев?”.
“Қозоғистон Европага ўтмаслиги ва Осиёда қолиши керак эди”.
“Биз қоровул ва таксичилардан таркиб топган Лихтенштейнни зўрға ютган бўлсак, бу Осиёдан жаҳон чемпионатига аниқ чиқамиз, дегани эмас. Биз Антарктидадан ҳам жаҳон чемпионатига чиқа олмаслигимиз мумкин. Чунки пингвинларга ҳам ютқазамиз. Уларда тўртта легионер ўйнайди, деймиз”.
“Физрук, жаҳон рейтингига бир қарасангчи!”.
“Шимолий Корея – Қозоғистон 2:0”.
“Бу саволга ўзбек биродарлар жавоб берсин”.
“Ўзбекистон бизнинг терма жамоадан бир бош устун!”.
“Тарих агар Месси қозоқ бўлганда, деган гапга бориб тақалади”.
“Агар биз Океания минтақасида ўйнаганимизда аниқ жаҳон чемпионатига чиқардик”.
“Қадрдоним, Осиё футболи чўққига чиққанига анча бўлди!”.
“Нималар деяпсан? Биз Лихтенштейнни базўр ютдик-ку”.
“Қирғизлар майли-ку, ўзбеклар Европада ҳам ўз даражасини кўрсатяпти”.
“Осиёда Япония, Жанубий Корея, Эрон, Ўзбекистон, Қатар бор. Ҳозир Қирғизистонда ҳам футбол тез ривожланяпти. Қозоғистонда футбол йўқ. Қирғизистон ҳам осон ютиб қўяди”.
“Ўзбекистон ўзаро охирги учрашувда Қозоғистонга ким зўрлигини кўрсатиб қўйган”.
“Ўзбекистон жаҳон чемпионатига чиқса, қозоғистонлик айрим мутахассислар буни тасодиф, дейди. Агар Ўзбекистон жаҳон чемпионатида шов-шув кўтарса, буни ўша мутахассислар бир омади келди, дейди. Кейин яна жаҳон чемпионатига борса, баъзан шунақаси ҳам бўлади, дейишади. Гап сотгандан кўра, футболдаги ишларингни қилинглар, яхшироқ ишланглар”.
“У калласи билан уришиб қолганми? Бир Сатпаев Ҳусановдан бир бош устун, деганди. Энди Осиёдан жаҳон чемпионатига осонликча чиқардик, дейди. Лихтенштейнни ютганидан кейинги эйфориями бу? Сен аввал Ўзбекистоннинг саралаш гуруҳида охирги ўриндаги КХДРни енг, кейин овозингни баралла қўйиб гапир!”
“Ўзини худди Нидерландия ёки Португалияни ютгандек ҳис қиляпти”.
“Сал босиқроқ бўл, терма жамоамиз Шимолий Кореядан 0:2 ҳисобида енгилган, Шимолий Корея ўз гуруҳида ҳамма рақибларига ютқазди. Мана шунга қараб, даражани бил!”.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон ва Қозоғистон терма жамоалари ўзаро етти марта тўқнаш келган. Икки қўшни мамлакат футболчиларининг биринчи учрашувида қозоғистонликлар қўли баланд келган. Қолган олтита учрашувда ўзбекистонликлар учтадан ғалаба ва дуранг қайд этган. “Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар