06:53 / 30.03.2025
2 111

Вадим Абрамов: "Тўпни рақибга топшириб, улар нима қила олишини кузатдик"

Вадим Абрамов: "Тўпни рақибга топшириб, улар нима қила олишини кузатдик"
Суперлига 3-туридан ўрин олган "Пахтакор" - "Динамо" (0:1) учрашувидан сўнг меҳмонлар бош мураббийи Вадим Абрамов ўйиндан кейинги матбуот анжуманида иштирок этди.

"Ўйинни ҳамма кўрди, шунинг учун майдонда нима рўй берганини такроран айтиб бериш маъносиз. Ўйин олдидан таркиб билан боғлиқ муаммоларимиз бор эди, чунки кичик танаффус бизга таъсир қилди. Тўрт нафар марказий ҳимоячимиз жамоага ёрдам бера олмади, шу сабабли Станоевични марказий ҳимоячи позициясига кўчиришга мажбур бўлдик. Ундан миннатдорман, чунки у биринчи марта бу позицияда ўйнади ва ўз вазифасини яхши уддалади. Шу сабабли, биз ўйинга тактика танлашда муаммоларга дуч келдик. Ўйинга келсак, "Пахтакор" ўйиндан ташқари ҳолатидан гол урди, аммо ундан ташқари бошқа вазиятларга эга бўлгани йўқ. Биз қарши ҳужумда яна бир нечта гол уриш имкониятига эга эдик. Чемпионат эндигина бошланди, "Пахтакор" ҳали ўз очколарини тўплаб олади деб ўйлайман" - дея фикр билдирди Вадим Абрамов ўйин якунлангач.

- Пахтакорнинг ўйини ҳақида умумий фикрингиз қандай? "Пахтакор"га қарши ҳимояланиш қанчалик қийин бўлди?
- Биз марказий ҳимоячилар билан боғлиқ муаммолар туфайли тактикамизни бироз ўзгартирдик, тўпни рақибга топшириб, улар нима қила олишини кузатдик, лекин улар бугун деярли ҳеч нарса таклиф қила олмади. Тўпга эгалик қилиш бўйича устунлик бор эди, лекин уларнинг ҳужумлари хавфли бўлмади. "Пахтакор"нинг асосий ҳужумчиси бугунги баҳсда иштирок этмагани ўз сўзини айтган бўлиши мумкин.

- Мотивация ҳақида нима дейсиз? "Пахтакор"дек рақибга қарши ўйнаш жамоангизга бироз бўлса ҳам қўшимча мотивация бердими?
- Ҳар бир жамоа етакчиларга қарши ўйнаганда ўзини кўрсатишни хоҳлайди, лекин биз бу ўйинни алоҳида бир режа қабул қилганимиз йўқ. Ҳар бир турда ғалаба учун майдонга тушамиз, бу оддий ҳолат. Кейинги турда ҳам гранд жамоа билан тўқнаш келамиз.

- Бугунги ғалабадан сўнг жамоа қўшимча рағбатлантириладими?
- Йўқ, албатта. Бу баҳс кузда бўлганида, ёки мусобақа жадвалига жиддий таъсир ўтказганида қўшимча молиявий рағбатлантириш ҳақида ўйлаб кўришимиз мумкин бўлар эди. Суперлига энди бошланди-ку.

- Менга "Динамо" асосан қарши ҳужумларда яхши ўйнайдиган жамоадек туюлмоқда. Ушбу фикрга қанчалик қўшиласиз?
- Мен журналистлар билан мулоқот қилишда қийналаман. Бунга қадар бизни ҳужумкор жамоа дея тасвирлашарди, энди эса қарши ҳужумда ўйнайдиган жамоа бўлиб қолибмиз. Биз рақибга қараб тактика танлаймиз. Бугунги ўйинда рақибга тўпни бериб, қарши ҳужумга чиқишни мақсад қилдик. Биз доимо ҳужумкор ўйнашга интиламиз. Марказий ҳимоячиларнинг йўқлиги сабабли шундай қарор қабул қилдик. Очиқ зоналар бўлганда тезроқ ҳужум қилишга интилдик.

- Марко Станоевичнинг ўйини ҳақида фикр билдириб ўтсангиз. Амалдаги чемпион "Насаф" Марконинг ёши катта эканлиги сабабли у билан шартномани узайтирмади...
- Биз кимни харид қилаётганимизни билардик. Станоевич жамоа лидери ва тажрибали футболчи.

- Станоевичнинг ёши сизни хавотирга солмадими?
- Мен футболчининг ёшига эътибор бермайман. Агар, 16 ёшли йигитча майдонда фойда келтирса, у менинг жамоамда асосий таркибдан ўрин олади. Мен паспортга қарамайман. Ёши катта футболчи, ёшроқ ўйинчилардан яхшироқ ўйнаса у майдонда бўлади. Футболчининг ёши унинг аёли учун аҳамиятли бўлиши мумкин, аммо менга эмас.

- Бугун жамоа сафида дебют қилган футболчилар ҳақида ҳам гапириб ўтсангиз? Аълоҳўжаев, Иброҳимов ва Сафаров бугунги учрашувда дебют қилишди.
- Улар ҳақида бир нарса дейиш қийин, сабаби улар ўйин сўнгида майдонга тушишди. Ҳали фикр билдиришга эрта, эндигина учинчи турдамиз. Катта ваъдалар бериб қўйсак, биздан катта нарсалар кутилади. Самарқанддан келиб бизни қўллаб-қувватлаган мухлисларимизга раҳмат. Бугун уларни хурсанд қила олдик.

- Жамоангизнинг ҳужумдаги реализацияси ҳақида фикр билдирибўтсангизи. Сабаби "Динамо" бугун қарши ҳужумларда бир нечта яхши имкониятларга эга бўлди. Миржаҳон Мираҳмадов эса иккинчи бўлимнинг 70-дақиқаларидан сўнг чарчаб қолгандек кўринди...
- Мираҳмадов кўп вазиятлар "қора иш"ни бажарди. Ҳимоячиларга ёрдам берди ва яккакурашларда иштирок этди. Умуман олганда, ўйинимиздан қониқдим. Ҳозир ғалаба ҳиссиётидан барча хурсанд. Бироз вақт ўтганидан сўнг ўйинни таҳлил қилиб, қаерда қандай хато қилганимизни кўриб чиқамиз.

- Ойбек Ўрмонжоновнинг ўйинига баҳо бериб ўтсангиз. Назаримда, у жуда яхши ўйин ўтказди.
- Ўйинга яхши қўшилиб кетди ва жуда актив бўлди. "Пахтакор"да Алижонов майдонга тушганда, биз Анварни нариги қанотга ўтказдик ва Ўрмонжоновга Алижонов зарарсизлантириш вазифасини юкладик. У ўз ишини яхши уддалади.

Манба: championat.asia
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт