
Италия А Сериясининг 30-турида “Рома” сафар учрашувида қийин ғалабани қўлга киритди ва Европа Чемпионлар лигаси йўлланмаси учун курашни давом эттирадиган бўлди.
“Лечче” жамоаси мезбонлик қилган беллашувда ягона голни Артём Довбик киритди. Бироқ босим остида қолиб кетган украиналик ҳужумчининг ўйини майдонга Элдор Шомуродов туширилганидан кейин очилди.
Шу тариқа, “Рома” чемпионатдаги қаторасига еттинчи ғалабасини қўлга киритди ва мағлубиятсиз сериясини 14 та учрашувга етказиб олди.
Италия футболини ёритиб келаётган tuttomercatoweb.com портали “Рома” футболчиларининг ҳаракатларини қуйидагича баҳолади:
Свилар 6:
Учрашув дарвозабон учун анча хотиржам ўтди. Биринчи бўлимда рақиб футболчиси Галлонинг хавфли зарбасини бартараф этди ва ўз дарвозаси дахлсизлигини сақлаб қолди.
Манчини 6:
Биринчи бўлимда ҳимояда бироз муаммоларга дуч келган бўлса-да, ўйиннинг иккинчи ярмида ҳаммасини ўз назоратида ушлаб турди. Ҳужум уюштиришни ҳам унутмади. Иккинчи бўлимда урган голи инобатга олинмади.
Хуммельс 6,5:
Рақибнинг энг хавфли ҳужумчиси Кристовичга қарши ўйнаган немис футболчиси рақобатчисига ўйин бермади. Ҳимоя марказини мустаҳкам ушлади.
Ндика 6:
Ўйиннинг биринчи ярмида Раньери жамоасида энг зўр ўйинчилардан бўлди. Кейин бироз ҳаракатлари бўшашганига қарамай, юқори даражада ҳаракат қилди.
Салемакерс 5,5:
“Милан” ва “Болонья”нинг собиқ футболчиси ўнг қанотдан ўрин эгаллади. Бироқ рақиб футболчиси Галлони тўхтатишда анча қийинчиликка дуч келди.
Кристанте 6:
Бутун учрашув давомида майдон марказида устунликни таъминлашга ҳаракат қилди.
Коне 5,5:
Франциялик футболчи бу гал ўз даражасида ўйнай олмади. Майдон марказида кўп хато қилди. Гол уриш имкониятидан фойдалана олмади.
Анжелино 5,5:
Беллашувда ҳисобни очишга яқин эди, лекин қулай вазиятни бой берди. Бир вазиятда жамоасини голдан қутқарди ва бу орқали бошқа камчиликларини ювди.
Суле 5,5:
Сафдан чиққан Дибаланинг йўқлигини билдирмаслиги керак эди. Бироқ бу мураккаб вазифани етарли даражада бажара олмади ва ўрнини 72-дақиқада Элдор Шомуродовга бўшатиб берди.
Шомуродов 6:
Ўйинга фаол қўшилди ва Артём Довбикка рақиб ҳимоячилари томонидан бўлаётган босимни енгиллаштирди. Учрашув охирида ўзи ҳам гол уриши мумкин эди. Бироқ рақиб дарвозабони Фальконе Элдорнинг зарбасини бартараф этди.
Пеллегрини 5:
Раньери тажрибали футболчига илк дақиқалардан ўйнаш ва майдон марказида ҳужумкорликни таъминлаш имконини берди. Бироқ “Рома” сардори кутилган ўйинни намойиш қила олмади ва 72-дақиқада ўрнига Бальданци туширилди.
Бальданци 6:
Учрашувга яхши таъсир ўтказди ва римликларнинг ҳужумини кучайтиришга эришди.
Довбик 7:
Украиналик ҳужумчи учун қийин ўйин бўлди. Рақиб ҳимоячиси Гаспар уни ёпиб қўйди. Шомуродов ўйинга қўшилганидан кейин беллашув якунланишига ўн дақиқа қолганда ягона имкониятидан унумли фойдаланиб қолди.
Клаудио Раньери 6,5:
Жуда муҳим ғалаба қўлга киритилди. Чунки Европа Чемпионлар лигаси йўлланмаси учун курашдаги рақобатчилар – “Болонья” ва “Ювентус” ҳам учтадан очкони қўлга киритган эди. Учрашувда Артём Довбикни майдонда қолдириб, ёрдамга Элдор Шомуродовни туширгани ўз самарасини берди. “Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар