18:50 / 30.03.2025
54 259

Остон Ўруновни Европадаги машҳур клуб сотиб олмоқчи бўляпти

Остон Ўруновни Европадаги машҳур клуб сотиб олмоқчи бўляпти
Ўзбекистон миллий терма жамоаси ҳужумкор футболчиси Остон Ўрунов яна Европа лигаларидан бирига йўл олиши мумкин.

Маълумки, истеъдодли ўйинчимиз 2020 йили Россия Премьер-лигасида “Уфа”, “Спартак” ва “Урал” каби жамоаларда тўп тепган, бироқ легионер сифатидаги илк тажрибаси муваффақиятли чиқмаган эди.

Кейинчалик юртимизда қисқа муддат ўйнаб, Осиёнинг энг кучли лигаларидан ҳисобланган Эрон чемпионатига йўл олганди. Бир йилдан бери “Персеполис” шарафини ҳимоя қилиб келаётган Ўрунов бугунги кунда форс диёрида энг зўр ўйинчилардан ҳисобланади ва хориж клублари эътиборини ўзига қаратмоқда.

Эрон матбуоти, хусусан, Spor Tazan нашрининг ёзишича, ўзбек футболчисига Туркия Суперлигасининг энг номдор клубларидан “Бешиктош” жиддий қизиқиш билдирмоқда.

- “Персеполис”нинг ёш юлдузи Остон Ўрунов “Бешиктош” эътиборини ўзига қаратди. Бироқ бир муаммо ҳам бор. Агар унинг жароҳати давом этмаса, туркияликлар албатта “Персеполис”га ўйинчи бўйича таклиф юборади.

Бироқ бу трансфер йўлидаги энг катта тўсиқ “Персеполис” бош мураббийи Исмоил Картал ҳисобланади. Бу мутахассис Остоннинг ўйин услуби мухлисидир, - деб ёзмоқда Spor Tazan нашри.

Таъкидлаш жоизки, Остон Ўрунов жорий мавсум Эрон чемпионатида жароҳат боис 14 та учрашув, яъни уч ойни ўтказиб юборди. Клуб билан янги шартнома имзоланганидан кейин ўзбек футболчиси тушиб қолган ҳолат раҳбариятни безовта қила бошлади.

Айрим экспертлар Ўруновнинг кўп жароҳат олишига аввалги бош мураббий Хуан Калос Гарридо ташаббуси билан иш жараёнига киритилган оғир машғулотлар сабаб бўлганини таъкидлаяпти.

Ўзбекистон миллий терма жамоаси етакчиси жисмоний ҳолатида камчиликлар бўлгани туфайли 2026 йилги жаҳон чемпионатининг саралаш турнири доирасида март ойидаги Қирғизистон ва Эронга қарши учрашувларда майдонга туша олмади.

Шунинг баробарида, айрим манбалар Остон Ўрунов жароҳатидан тўлиқ фориғ бўлиб, “Персеполис”нинг умумий машғулотларида қатнаша бошлагани ҳақида хабар тарқатмоқда.

Эслатиб ўтамиз, 24 ёшли Остон Ўрунов “Пахтакор” тарбияланувчиси ҳисобланади. Бироқ профессионал фаолиятини 2017 йили “Навбаҳор” жамоасида бошлаган ва футболчи сифатида айнан мана шу клубда шаклланган.

Кейинчалик истеъдодли ўйинчи Тошкентнинг “Локомотив” жамоасига йўл олди. Бу жамоа сафида атиги 13 та учрашувда иштирок этганидан кейин 2020 йили Россия Премьер-лигаси вакили “Уфа” уни ўз сафига қўшиб олди.

Россиядаги фаолиятини юқори даражада бошлаган Остон Ўрунов Премьер-лига грандлари орасида талаш бўлди ва келажагини Москванинг “Спартак” жамоаси билан боғлади. Ўруновнинг “Спартак”га ўтишида роль ўйнаган мутасаддилар ва машҳур клуб раҳбарларининг ўзаро зиддиятлари, футболга боғлиқ бўлмаган жараёнлар легионеримизга бу жамоада ўзини кўрсатиш имконини бермади.

Ўрунов “Уфа”га қайтишга ва кейин “Урал” сафига ўтишига тўғри келди. Бироқ ҳамюртимиз бу жамоаларда ҳам ўзини кўрсата олмади.

Бунинг оқибатида маълум муддат қадрдон “Навбаҳор”га қайтди. Остон 2024 йилнинг бошида Намангандан “Персеполис”га йўл олди. Қисқа фурсатда жамоа етакчисига айланган легионеримиз муҳим голлари билан жамоасининг чемпионатда ғолиб чиқишига ҳисса қўшди.

Энди легионеримиз фаолиятида яна ўзгариш бўлиши кутилмоқда. Остон Ўрунов атрофидаги вазиятни синчковлик билан кузатиб борамиз...
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт