11:57 / 17.11.2016
6 419

Халқ футболни боқяпти, футболчилар эса халқ қўйнини пуч ёнғоққа…

Халқ футболни боқяпти, футболчилар эса халқ қўйнини пуч ёнғоққа…

Яна мағлуб бўлдик. Жанубий Кореяга эмас, ўзимизга мағлуб бўлдик. Ишонинг, шундай. Нега бундай деётган экан, деб ҳайрон бўлманг. Мен сизга ҳақиқатни айтяпман. Биз бир неча йиллардан бери ўз орзуларимиз, ишончларимиз, умидларимиз туфайли шу орзу, умид, ишончимизни бир тийинга олмайдиган кишиларга мағлуб бўлдик.

Солиқни ўз вақтида тўлаётган, пластикка савдо қилиб, ҳисобидаги пулини нақдлаштира олмаётганидан хуноб бўлаётган магазинчи Ғайбулла, Чироқчими, Риштонми, ишқилиб қайдандир келиб стадионга кириш учун чипта олай деса, касса ёпиғ-у, кўчадаги чайқовчи 100 минг сўмдан ўша зормандани пуллаётганини кўриб, «футболинггаям!», деб қишлоғига қайтган амаки, фалонча клубларни молиялаштираётган нефть ва газ компаниялари бензинни нархини оширганидан фиғони фалакка чиқаётган киракаш, пенсиясини мажбуран пластик картага ўтказиб юборишгани учун бозордан бир кило гўшт ололмай, терминали бор дўкон қидириб юрган ўқитувчи, борингки, сиз, мен, у, улар, анави, манави — ҳаммамиз мағлуб бўлдик.

Биз хўжакўрсинга ички чемпионат ўтказаётган, номигагина қуръа ташлаш маросимини ўтказаётган, пештоқидаги номига Профессионал деган жарангдор сўзни осволган ташкилот, терма жамоалар учун нима қилаётгани номаълум бўлган, аммо Марказ, деган мавҳум номи бўлган ташкилот, футболни кўрмоқчи бўлсанг токни узиб қўядиган ташкилот, оёғингни иситаман десанг трубангдан газ юбормайдиган ташкилот, борингки, шунга ўхшаш ишлар билан шуғулланадиган ташкилотлар ва уларнинг раҳбарларига мағлуб бўлдик.

Ия, нега майдонда ўйнаган 11 футболчи ва уларни бошқарган битта мураббийни айблаш ўрнига шу-у-унча одамни айблаяпсан, деманг. Чунки барчаси бир-бирига боғлиқ. Сиз, мен, у, улар, анави, манави — ҳаммамиз солиқ тўлаймиз, ҳаммамиз топган даромадимизнинг маълум қисмини бюджетга тўлаймиз ва ҳаммамизнинг пулларимиздан мана шу футболчилар-у мураббийлар маош оладилар. Футбол — ишлаб чиқариш корхонаси эмас. У давлат дотациясида ва сиз-у менинг пулларимга муҳтож. Биз эса футболни сўкиш баробарида уни индамайгина таъминлаймиз. Бевосита эмас, билвосита. Халқнинг мулкини футболга сочаётганлар, бунинг оқибатида эса қанчадан қанча пулларни совураётганларга мағлуб бўляпмиз.

Муаллиф: Бобур АКМАЛОВ

Манба:stadion.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Халқ футболни боқяпти, футболчилар эса халқ қўйнини пуч ёнғоққа…