15:53 / 01.04.2025
22 896

"Манчестер Сити" Ҳусановга рақобатчи сифатида кучли ҳимоячини жалб қилмоқчи

"Манчестер Сити" Ҳусановга рақобатчи сифатида кучли ҳимоячини жалб қилмоқчи
"Манчестер Сити" жамоаси ёзги трансферлар ойнасини фаол ўтказишни режалаштирмоқда. "Шаҳарликлар" ҳамюртимиз Абдуқодир Ҳусановга рақобатчи сифатида "Арсенал" марказий ҳимоячиси Вильям Салибани олиб келиш ниятида. Бу ҳақда "Defence Central" нашри хабар тарқатди.

Хабарингиз бор, "Манчестер Сити" жорий мавсумда кутилганидан анча ёмон натижалар қайд этмоқда. Жамоанинг асосий муаммоларидан бири ҳимоя чизиғидаги ишончсизлик бўлиб, бу ҳолат клубнинг Чемпионлар лигаси ва Англия Премьер-лигасидаги муваффақиятсизликларига сабаб бўлмоқда. Пеп Гвардиола бу муаммони бартараф этиш мақсадида ҳимоя чизиғини кучайтиришга жиддий эътибор қаратган.

"Сити" раҳбарияти Салиба учун "Арсенал"га катта маблағ таклиф қилишга тайёр. Франциялик ҳимоячи жорий мавсум "тўпчилар" сафида 39 та учрашувда майдонга тушиб, 2 та гол урди. 24 ёшли футболчининг "Арсенал" билан шартномаси 2027 йилгача амал қилади. Аммо Лондон клуби уни асосий ўйинчиларидан бири сифатида сақлаб қолиш ниятида.

Бундан ташқари, Салибага "Реал Мадрид" томонидан ҳам қизиқиш борлиги ҳақида хабарлар тарқалмоқда. Испаниянинг етакчи клуби ҳимоя чизиғини кучайтириш мақсадида француз ҳимоячиси учун курашга қўшилиши мумкин.

"Манчестер Сити" жорий мавсумда Чемпионлар лигасида "Реал Мадрид"га қарши 1/8 финалда мағлуб бўлди. Шунингдек, Премьер-лигада пешқадамдан анча орқада қолган ва чемпионлик учун курашиш имконияти деярли йўқ. Жамоанинг асосий мақсади – келаси мавсум Чемпионлар лигаси йўлланмасини қўлга киритиш. Шу сабабли Гвардиола ёзги трансфер ойнасини фаол ўтказиб, жамоага катта ўзгаришлар киритишни мақсад қилган.

Салибанинг "Арсенал"да қолиши ёки "Манчестер Сити"га йўл олиши ёзги трансферлар давомида аниқ бўлади. Аммо бир нарса маълум: Гвардиола ҳимоя чизиғини кучайтириш учун йирик трансферларни амалга оширишга тайёр.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт