
Шанба оқшомида Испания футболида рўй берган асосий воқеалар, ўйинлардаги голлар ва турнир жадвалидаги вазият билан ушбу мақола орқали танишиб олишингиз мумкин.
«Реал» — «Валенсия» 1:2
Голлар: Винисиус 50 — Диакаби 15, Дуро 90+5.
Аниқ ижро этилмаган пеналти: Винисиус 13.
«Реал» — Гонсалес, Васкес (Гулер, 85), Чуамени, Рюдигер, Гарсия (Камавинга, 77), Модрич (Эндрик, 77), Валверде, Диас (Родриго, 57), Беллингҳэм, Винисиус (Алаба, 77), Мбаппе.
«Валенсия» — Мамардашвили, Ааронс (Дуро, 74), Москера, Таррега, Диакаби, Васкес, Лопес, Барренечеа (Гилямон, 90), Гиерра (Пепелу, 74), Алмейда (Перес, 74), Содиқ (Мир, 59).
Огоҳлантиришлар: Таррега (10), Умар Содиқ (46), Москера (90+8)
«Реал» қаторасига иккинчи уй учрашувида лигада жон сақлаб қолиш учун курашаётган жамоа билан ўйиннинг биринчи бўлимини бой берди. Ҳолбуки мадридликлар тезкор гол билан ҳисобда олдинга чиқиб олиши мумкин эди, аммо Винисиус Жуниор пеналтидан фойдалана олмади ва жавоб ҳужумида гол ўтказиб юборилди. Бу мадридликлар учун жорий мавсумда барча турнирлар доирасида бешинчи бор 11 метрлик нуқтадан хато зарба берилиши бўлди (16 уринишдан 11 гол), бу эса сўнгги 11 йилликдаги энг ёмон кўрсаткич.
Шанба кунги ўйинда пеналти ишлаган Мбаппе бир ҳафта олдин ўз пеналтисини паненка услубида аниқ ижро этганди. Бу ўйинда эса французга 11 метрлик зарба тепиш ҳуқуқини беришмади, у ўйиндан ҳам гол уролмади. «Валенсия»ни бир неча бор Мамардашвили қутқарди, Килианнинг зарбасидан кейин тўп Диакаби орқали дарвозага бориб тушганида эса офсайд қайд этилди.

Иккинчи бўлим бошида бурчак зарбасидан кейин Винисиус Беллингҳем ташлаб берган тўпни дарвозага йўллаганида барчаси жойига тушгандек кўринганди.
Аммо меҳмонлар дарвозабони ҳамда ҳимоячилари қаҳрамонлик кўрсатишда давом этишди ва «Қироллик клуби» муваффақиятни ривожлантира олмади. «Кўршапалаклар» якунда нафақат рақиб штурмига дош беришди, балки қўшиб берилган дақиқаларда ғалабани илиб ҳам кетишди. Мадридликларнинг собиқ футболчиси Уго Дуро жамоанинг чемпионлик амбициясига қаттиқ зарба берди. Карло Анчелотти жамоаси 21 та зарба йўллаганига қарамай, ютқазди ва уч очколик фарқ билан олдинда бораётган «Барселона»га етиб ололмади.
«Барселона» – «Бетис» 1:1
Голлар: Гави 7 – Натан 17
«Барселона» — Шесни, Кунде, Кубарси, Араухо, Балде (Мартин, 75), Педри (Лопес, 75), Де Йонг (Гарсия, 57, Гави, Торрес (Рафиня, 57), Ямал, Левандовски.
«Бетис» — Адриан, Руибал, Бартра, Натан, Перрауд, Кардосо (Лоренте, 79), Алтимира (Авилла, 46), Антони (Родригес, 75), Ло Челсо, Форналс, Кучо (Бакамбу, 75).
Огоҳлантиришлар: Натан 14, Гарсия 77, Кунде 87.
Ўз ўйинини кейинроқ ўтказган «Барселона» орадаги фарқни ошириш имкониятига эга бўлди ва тезда ҳисобни очди. Голли ҳужум Кунде тўпни олиб қўйиши билан бошланди, шундан кейин Ямал Ферран Торресга пас берди, у эса бир тегинишда Гавини қулай вазиятга чиқариб юборди. Аммо каталонияликлар шу руҳда давом эта олишмади ва меҳмонлар тезда жавоб қайтаришди. Ло Челсо бурчакдан тўп оширганида Натан ҳаводаги дуэлда Арауходан устун келди. Кейин ушбу бразилиялик ҳимоячи ва жамоадошлари кўк-анорранглиларнинг барча ҳужумларини қайтаришди, Ферран эса беш метр масофадан туриб аниқ зарба беролмади. Адриан ҳам дарвозада яхши турди, жумладан иккинчи бўлим бошида Кунденинг кутилмаганда яқин бурчакка йўллаган зарбасини бартараф этди.
Қолаверса, шу куни Ямалнинг ўйини чиқмади, унинг узатмаларининг 30 фоизга яқини хато бўлди, муваффақиятсиз дриблинг, ноаниқ пас ва зарбалар туфайли 29 марта тўп йўқотди.
«Бетис» 18 йилдан буён илк бор мавсумнинг икки ўйинида ҳам каталонияликларга ютқазмади, Мануэл Пеллегрини шогирдлари ёрдами туфайли «Реал» «Барса»ни анча олдинга қўйиб юбормайдиган бўлди, энди жамоалар ўртасидаги фарқ олти эмас, тўрт очкони ташкил этмоқда.
Испания Ла Лигаси 30-тур ўйинларидан кейинги мусобақа жадвали қуйидаги кўринишга келди:

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар