date 07:19 / 08.04.2025
views 1 003

Шомуродов “топ-3”да! Элдор керакмас ўйинчидан қаҳрамонга айланди

Шомуродов “топ-3”да! Элдор керакмас ўйинчидан қаҳрамонга айланди
Ўзбекистон миллий терма жамоаси сардори ва энг зўр тўпурари Элдор Шомуродовнинг мавсумнинг қизғин палласида клубдаги ишлари ҳам юришиб кетди.

А Сериянинг 31-турида “Рома” Европа Чемпионлар лигаси йўлланмаси учун курашдаги асосий рақобатчиси “Ювентус”га тўқнаш келди. Римликлар ўз мухлислари кўз ўнгида ютқазиб турган бир пайтда майдонга тушганига тўрт дақиқа бўлган Элдор Шомуродов гол уриб, жамоани мағлубиятдан қутқарди ва римликларга қитъанинг энг нуфузли турнирига чиқиш учун курашиш имкониятини тақдим этди.

Экспертлар ўзбек футболчисининг Италиядаги фаолиятини таҳлил қилиб, ажойиб кўрсаткичга дуч келди.

Элдор “Рома”даги муҳим фигура

Жорий мавсумнинг ўзида “Рома” икки маротаба Элдор Шомуродовдан воз кечишга жуда яқин келди. Ёзги трансферлар мавсумининг сўнгги кунлари А Серияда “Рома”нинг биринчи голини урган ўзбекистонлик легионерни ўша пайтдаги бош мураббий Даниэле де Росси Римда олиб қолди.

Январда эса, Шомуродов Европа лигасида “Айнтрахт” дарвозасини ишғол қилганидан кейн Клаудио Раньери унинг “Венеция”га трансферини блоклади. Яқиндагина римликларга керак бўлмайдиган даражага тушиб қолган Шомуродов “Ювентус”га қарши ўтказилган учрашувнинг қаҳрамони бўлди.

Мавсумнинг ҳал қилувчи босқичида 29 ёшли марказий ҳужумчи “Рома”даги мавқеини мустаҳкамлаб бормоқда ва самарали ҳаракатлари ҳамда аниқ зарбалари сонини оширяпти.

Шомуродов кучли учликда

Элдор Шомуродов Италия келган давр – 2020-2021 йилги мавсумдан бери захирадан майдонга тушиб урган голлари сонини ўнтага етказиб олди.

Бу кўрсаткич бўйича ўзбек футболчиси кучли учликда. Сўнгги беш йилда учрашув давомида ўйинга қўйилган чарм тўп усталаридан фақатгина Лаутаро Мартинес ва Педро Элдордан кўп тўп киритган.

Чемпионат пешқадами ҳисобланган “Интер” етакчиси ҳисобланган аргентиналик юлдуз ҳисобида 16 та ва Шомуродов “Рома”га келган пайтда Римнинг иккинчи клуби “Лацио”га ўтиб кетган испаниялик Педро 11 та захирадан тушиб урилган гол бор.

Шомуродов эффекти

Элдор Шомуродовнинг майдонга тушиши жамоанинг асосий ҳужумчиси Артём Довбикнинг самарадорлигига ижобий таъсир қилмоқда. Ўзбек легионерисиз украиналик форвард майдонда ёлғизланиб қолмоқда ва рақиб ҳимоячилари таъсиридан чиқиб кета олмаяпти.

Шу боис, Клаудио Раньери мавсумнинг муҳим якуний қисмида ҳар икки марказий ҳужумчини биргаликда бошланғич таркибда майдонга тушириш масаласини ўйлай бошлади. Бироқ 73 ёшли мутахассис ўйин давомида улардан бирини алмаштиришга тўғри келса, бошқа марказий ҳужумчи йўқлигидан ҳайиқиб турибди.

Шомуродов нима қилишни билади

“Рома” бош мураббийи Клаудио Раньери аслида ўзбекистонлик легионер мунтазам бошланғич таркибда ўйнашга лойиқ футболчи эканини алоҳида эътироф этди. Шунга қарамай, 29 ёшли форвард кўпинча захирадан ўйин қўшилишига тўғри келмоқда.

Раньери ва бошқа мутахассисларнинг таъкидлашича, Элдор майдонга қачон тушишидан қатъи назар ўйинга ўз таъсирини ўтказиб келмоқда. У ўзининг самарали ҳаракатлари билан натижа беришга қодир. “Рома”дагилар ҳам мураккаб вазиятларда Шомуродов нималардир қилишига чин дилдан ишонади. Элдорнинг ўзи эса, чемпионатнинг энг муҳим якуний босқичида бор масъулиятни ўз зиммасига олишга тайёрлигини намойиш қилмоқда.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт