
Элдор Шомуродов 2020 йилнинг октябридан бери Италия чемпионатида иштирок этиб келмоқда. 29 ёшли ҳужумчи Европа “топ-5” лигаларида энг кўп ўйин ўтказган футболчимиз ҳисобланади. Бундан ташқари, Элдор кучли бешлик чемпионатларида биринчи бўлиб тўп киритган ва энг кўп гол урган ўзбекистонлик легионерга айланган.
Йилдан йилга ҳамюртимизнинг аниқ зарбаларидан “жабр” чеккан жамоалар сони ошиб бормоқда. Улар орасида жаҳон футболида ўз ўрнига эга бўлган қудратли клублар ҳам бор.
Sports.uz портали Элдор Шомуродов Италиядан қўним топганидан бери қайси жамоалар дарвозасини ишғол қилганини ҳисоблаб чиқди. Энди мана шу қизиқарли маълумотларни ўзбекистонлик футбол ишқибозлари эътиборига ҳавола этамиз.
Шомуродов фаолиятида А Сериядаги дебют мавсуми энг самаралиси ҳисобланади. 2020-2021 йиллар Италиянинг энг қадимий жамоаси “Женоа” шарафини ҳимоя қилган легионеримиз чемпионатда саккизта тўп киритган.
Элдор А Сериядаги илк голини “Парма” дарвозасига киритган. Кейинчалик ҳамюртимиз “Сассуоло”, “Верона”, “Специя”, “Лацио”, “Кальяри” дарвозаларини бир маротабадан ишғол қилган бўлса, “Аталанта” билан ўйинда илк дублини қайд этган.
Сермаҳсул мавсумдан кейин Элдор Шомуродов гранд клублар қаторида зикр этиладиган “Рома”га кўчиб ўтди. Пойтахт клубидаги илк мавсумида ҳужумчимиз икки учрашувда “Венеция”га ва битта баҳсда “Сампдория”га гол урди.
Шунингдек, ўша мавсум Италия кубоги нимчорак финал учрашувида “Лечче” дарвозасини ишғол қилиб, бу мусобақадаги голлари ҳисобини ҳам очди.
Элдорнинг чемпионатдаги кейинги голи ўзи ижарага ўтган “Специя”да киритилди. Бу жамоа сафида ҳамюртимиз “Салернитана” посбони Гильермо Очоани ожиз қолдирди.
Навбатдаги мавсумни Шомуродов “Кальяри”да ўтказди. Оғир жароҳат билан эсда қолган ўша мавсумдаги самарали ҳаракатлар чемпионатнинг иккинчи қисмига тўғри келди. Шомуродов бир йил аввал бўлганидан яна “Салернитана” дарвозасига йўл топди. Бу гал ўзбек футболчиси Гильермо Очоани икки бор ўз ортидан тўп олиб чиқишга мажбур қилди.
Кейин эса, қудратли “Интер”га гол уриб, “Кальяри”ни мағлубиятдан қутқариб қолди ва жамғарилган бир очко кейинчалик сардинияликларнинг юқори дивизиондаги жойини сақлаб қолишида қўл келди.
Ниҳоят, жорий мавсумнинг бошида Элдорнинг “Эмполи” дарвозасига киритган тўпи “Рома” учун чемпионатдаги биринчи гол бўлди ва айнан мана шу зарба Шомуродовнинг Римда қолишини таъминлади.
Кейинчалик ҳамюртимиз йўллаган тўпларни “Монца” ҳамда “Ювентус” посбонлари қайтара олмади.
Ўзбекистон миллий терма жамоаси сардори бу мавсум Италия кубогида “Сампдория” дарвозасини ҳам аниқ нишонга олганини таъкидлаш лозим.
Яна бир қизиқ факт. Шомуродов “Рома” ўйинчиси сифатида УЕФАнинг нуфузли турнирларидаги голлари ҳисобини ҳам очиб қўйган. Хусусан, Конференция лигасининг илк мавсумида Элдор Шомуродов Туркиянинг “Трабзонспор” жамоасига гол урган ва якунда “Рома” ушбу мусобақада бош соврини қўлга киритилган эди.
Кейинчалик легионеримиз Европа лигасида Болгариянинг “Лудогорец” жамоасига гол урди. Жорий мавсумдаги мусобақа давомида Элдор Германиянинг “Айтрахт” ва Испаниянинг “Атлетик” каби қудратли клублари дарвозабонларини ожиз қолдирди.