date
views 7 240

Элдор Шомуродов «Рома»да порламоқда: шартнома узайтирилди, ўйинлар эса кучаймоқда!

Элдор Шомуродов «Рома»да порламоқда: шартнома узайтирилди, ўйинлар эса кучаймоқда!
Ўзбекистон миллий терма жамоаси сардори ва тарихдаги энг зўр тўпурари Элдор Шомуродовнинг Италиядаги фаолияти яна ёрқин паллага кирди. 29 ёшли ҳужумчи клуб даражасида ҳам ўз ўрнини топди — бугунги кунда у “Рома” сафида асосий футболчилардан бирига айланиб улгурди.

Клаудио Раньери қўл остида Элдорнинг ўйини очилди. Унинг майдондаги фидойилиги, меҳнатсеварлиги ва жамоавий ўйинга бўлган муносабати нафақат мураббий, балки жамоа мухлислари томонидан ҳам юксак баҳоланмоқда.

Шартнома узайтирилди, лекин маош қисқартирилди

Италиянинг бир қатор нуфузли ОАВлари ёзишича, “Рома” клуби Шомуродов билан тузилган амалдаги шартномани 2026 йил 30 июнигача бир йилга узайтирди. Янги битим жамоанинг молиявий сиёсатига мос равишда тузилди — Элдорнинг маоши бироз камайтирилди, аммо бу унинг асосий таркибдаги ролига таъсир қилмади.

Бунгача “Рома” Николо Пизилли ва Леандро Паредес билан ҳам шартномаларни узайтирган эди. Энди эса ўзбек ҳужумчиси билан ҳам ҳамкорликни мустаҳкамлади.

Элдор кетиши мумкин эди, аммо…

Кечагина “Рома” клуби Элдордан қутилишга икки марта уриниб кўрди. Аввалига у МЛСнинг “Атланта Юнайтед” клубига йўл олиши керак эди. Сўнгра қишда “Венеция” жамоасига ўтиши мумкин эди. Аммо барчасини ўзгартира олган бир гол бўлди!

Европа лигасида “Айнтрахт”га қарши ўйинда киритилган муҳим гол римликларнинг қарорини ўзгартирди. Раньери айнан шу учрашувдан сўнг Элдор “Рома”да қолиши кераклигини қатъий билдирди ва унинг трансфери блокланди.

Захирадан — қаҳрамонликка!

Шомуродов кўпинча ўйинларга захирадан тушаётган бўлса-да, унинг майдондаги таъсири катта. У қимматли очколар келтирмоқда, ҳал қилувчи вазиятларда жамоасига ёрдам бермоқда. Айнан Элдорнинг таъсири билан “Рома” ҳозир Европа Чемпионлар лигаси учун курашни давом эттирмоқда.

Элдорнинг Италиядаги изи

Шомуродов 2020 йил октябрда Россиянинг “Ростов” жамоасидан Италиянинг “Женоа” клубига ўтган эди. У ердаги муваффақиятли дебютдан сўнг “Рома” уни ўз таркибига қўшди. Transfermarkt маълумотларига кўра, ушбу трансфер пойтахт клубига 19,6 миллион еврога тушган.

Шундан сўнг, у ижара асосида “Специя” ва “Кальяри” жамоаларида ҳам ўйнади. Ҳозиргача Элдор А Серияда 122 та учрашувда қатнашган ва 18 та гол урган. Унга қўшимча равишда 11 та голли пас билан ҳам жамоадошларини қувонтирган.

Ўзбекистон термаси — Элдорнинг ифтихори

Элдор Шомуродов нафақат клуб, балки терма жамоа даражасида ҳам ҳақиқий лидер. У ҳозиргача Ўзбекистон миллий терма жамоаси сафида 80 та учрашув ўтказган ва 41 та гол киритган. Бу натижа билан у Ўзбекистон тарихидаги энг яхши тўпурарга айланган.

Ҳозир терма жамоамиз 2026 йилги жаҳон чемпионатига чиқиш остонасида турибди ва Шомуродовнинг бу жараёндаги ўрни беқиёс.

Элдор Шомуродов бугун Ўзбекистон футболидаги энг ёрқин юлдузлардан бири. Унинг “Рома”даги муваффақияти, шартномаси узайтирилиши ва термадаги рекордлари ёш футболчилар учун катта мотивация бўла олади. Элдор ҳали ҳужумда кўп юракларни забт этиши аниқ!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт