
Англиянинг етакчи клубларидан бири — “Манчестер Сити” ўз тарбияланувчиси ва жамоа етакчиларидан бири саналган Фил Фоден билан янги шартнома имзолашга бел боғлади. Бу ҳақда футбол инсайдери Николо Скира маълум қилди. Хабар Euro-Sport орқали тарқалди.
Натижалар — ўртача, ишонч — мустаҳкам
24 ёшли футболчи жорий мавсумда ярқин рақамлар қайд этмаётган бўлса-да, клуб раҳбарияти унга ишончни йўқотмаган. Гвардиоланинг асосий режаларидан ўрин олган Фоден бу мавсумда 40 учрашувда иштирок этиб, 10 та гол ва 6 та ассист билан жамоага ҳисса қўшди.
Янги шартнома: маош ошади, муддат узаяди
Манбаларнинг ёзишича, “Сити” раҳбарияти Фоденга маоши сезиларли даражада оширилган ва узоқ муддатли бўлган янги шартнома таклиф қилмоқда. Музокаралар аллақачон бошланган ва томонлар келишувга яқин турибди.
Амалдаги шартнома қачонгача?
Фоденнинг ҳозирги шартномаси 2027 йилнинг ёзига қадар амал қилади. Бироқ клуб уни анча олдиндан узайтириш орқали ёш юлдузни бошқа клублар эътиборидан “беркитиш” ниятида.
Сиз нима деб ўйлайсиз — Фил Фоден “Сити” афсонасига айланишга тайёрми? «Замин»ни Telegram’да ўқинг!