
Италия А Серияси қизғин паллага кирди. Бу маррага келгунча эса “Рома” жамоаси катта йўл босди.
Клубнинг 73 ёшли мураббийи Клаудио Раньери қисқа вақт ичида жамоани қайси ҳолатдан қайси ҳолатга олиб келганини кўрганлар ҳайратда.
Энг қизиғи — ўзбекистонлик Элдор Шомуродовнинг яна “Рома”да порлашини айнан шу мутахассис таъминлади.
“Элдор – раҳбарлик қобилияти бор ўйинчи”
Раньери яқинда берган интервьюсида Элдор ва унинг сафдоши Артём Довбик ҳақида тўхталиб ўтди.
“Улар меҳнаткаш, жамоавий ўйинга мойил. Элдор иккинчи ҳужумчи сифатида яхши ҳаракат қилади. У худбин эмас. Фақат баъзида ундан дарвозага кўпроқ зарба беришини сўрайман”, — деди у.
Мураббийга кўра, иккаласини бир пайтда майдонга тушириш осон қарор эмас. Чунки у ўйин жараёнида тактик ўзгариш қилиш имконига эга бўлишни хоҳлайди.
“Рома”даги бурилиш қандай бошланди?
Раньери “Рома”даги вазифани қабул қилганида, ўзи ҳам бу қадар тез ўзгариш бўлишига ишонмаган.
Бир ҳафтадан кейин кетишни ўйлагандим, дейди у. Аммо жамоа унга жон куйдириб ҳаракат қилган, у эса қайтиб кетмади. Эндиликда эса натижалар ҳаммани сўзсиз ҳайратда қолдирмоқда.
Моуриньо кетди, Элдор қолди
Элдор Шомуродов “Женоа”да ёрқин ўйинларидан сўнг Жозе Моуриньо қўлида “Рома”га олиб келинганди. Бироқ португалиялик мутахассис уни доимий майдонга туширмасди.
Моуриньо, Де Росси, Юрич... бирортаси “Рома”ни Чемпионлар лигаси сари етаклай олмади.
Аммо пенсиядан қайтган Раньерига бу ишни амалга ошириш имкони бор.
Элдор – энди етакчи
Жорий мавсумда икки марта жамоани тарк этишга яқин келган Элдор ҳозир “Рома”нинг энг муҳим фигураларидан бирига айланди.
Бу ҳолатдан сўнг клуб у билан шартномани 2027 йилнинг ёзигача узайтиришга қарор қилди.
Элдор Шомуродовнинг кетаётган деб ўйланган пайтда жамоада қолиб, етакчига айланиши – футбол ҳаётидаги энг тассуротли бурилишлардан бири бўлса керак.
Сиз нима деб ўйлайсиз – “Рома” Чемпионлар лигасига чиқа оладими? «Замин»ни Telegram’да ўқинг!