
А Сериянинг 32-туридан ўрин олган Рим дербиси “Олимпико” стадионида “Лацио” мезбонлигида бўлиб ўтди. Ҳар икки жамоа ҳам келаси мавсум учун Европа Чемпионлар лигаси йўлланмасига даъвогарлик қилмоқда.
47-дақиқада Романьоли ҳисобни очди. 59-дақиқада Элдор Шомуродов майдонга туширилди. 69-дақиқада Матиас Суле ҳисобни тенглаштирди.
Қолган дақиқаларда жамоалар бир-бирининг дарвозасига йўл топа олишмади. Учрашув 1:1 ҳисобида якунланди. “Рома”нинг мағлубиятсиз серияси 16 та ўйинга етди. Аммо йўқотилган 2 очко Раньери жамоасининг Чемпионлар лигасига чиқиш имкониятини пасайтирди.
Ўйиндан кейин бош мураббий Клаудио Раньери Шомуродов ва Довбикни нега доим бир вақтда асосий таркибда туширмаслиги ҳақида шундай деди:
- “Ювентус"га қарши ўйиндан кейин ҳам шу савол берилган эди. Ҳа, мен яхши биламан – Элдор ва Артём бирга ўйнаса, биз рақиб учун хавфли жамоага айланамиз. Улар бир-бирини тўлдиради.
Лекин мен бир нарсани ҳисобга оламан: агар ўйин давомида тактик ўзгариш киритишимга тўғри келса, захирада бошқа ҳужумчи қолмайди. Бу энг катта муаммо.
Ҳар ҳафта машғулотлардан кейин ўзимга айтаман: бу сафар Элдорни асосий таркибда тушираман. Аммо кейин фикрим ўзгаради. Чунки ўйинда нимадир юз берса, имкониятим қолмайди.
Лекин Элдор майдонга тушгандан сўнг жамоа куч олади. У иштиёқ билан ҳаракат қилади. Довбик ҳам олдинда эркинроқ ҳаракат қила бошлайди. Бу жуфтлик самарали, лекин мен энг мақбул ечимни танлашга мажбурман.”
Шомуродов жорий мавсумда икки марта “Рома”ни тарк этишга яқин эди. Аммо ҳал қилувчи паллаларда у Раньери жамоасининг муҳим футболчисига айланди. Клуб унга янги шартнома таклиф қилди. Энди у 2027 йилгача Рим клубида қолади. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!