
“Рома” жамоаси мавсумни муваффақиятсиз бошлаган бўлса-да, энди Европа мусобақаларига йўлланма берадиган юқори ўринлар учун жиддий даъвогар сифатида баҳсларга кириб келмоқда.
Жамоа бошқарувини ноябр ойининг иккинчи ярмида ўз қўлига олган тажрибали мураббий Клаудио Раньери таркибни сезиларли ўзгартирмасдан туриб, юқори натижаларга эришиш мумкинлигини амалда кўрсатмоқда. Бу даврда икки марта клубни тарк этишга яқин келган Элдор Шомуродовнинг ҳам фаолияти янги босқичга кўтарилди.
Охирги ўйинларда ўзбек легионери “Рома” таркибида майдонда энг катта таъсир ўтказаётган футболчилардан бирига айланди. Шу боис, римлик мухлислар ва мутахассислар Элдор Шомуродов ҳамда Артём Довбикни солиштира бошлашди.
Эслатиб ўтамиз, Довбик ўтган ёзда 30 миллион евро эвазига харид қилинган ва мавсум бошидан асосий ҳужумчи сифатида кўрилганди. Бироқ бугунги кунда кўплаб экспертлар Шомуродовни асосий таркиб футболчиси сифатида кўриш кераклигини урғуламоқда.
Кузатувчиларнинг таъкидлашича, ҳар қанча Довбик кўпроқ гол урган бўлса-да, жамоага бағишланиш, фидойилик ва ҳаракатчанлик борасида Элдор рақобатчисидан анча устун. Шу боис, у майдонда кўпроқ имкониятга эга бўлиши керак.
Таниқли футбол таҳлилчиси Рикардо Тревисани “Roma News” нашрига берган интервьюсида қуйидагича фикр билдирди:
– Довбикнинг ўйинини томоша қилиш кўп ҳолларда завқ бермайди. Агар у гол урмаса, жамоа учун деярли фойда келтирмаяпти. Ҳолбуки, ҳужумчи гол урмаган пайтда ҳам жамоага хизмат қилиши керак. Гол урмаса ҳам, жуда яхши ўйнаётган ҳужумчилар бор. Довбик улар қаторига кирмайди. Рим дербисида Элдор Шомуродов ундан яхши ўйнади.
Довбик 190 сантиметр бўй ва 90 килограмм вазн билан яккакурашларда ғолиб чиқолмаслиги ғазабимни келтиради. Ундан чўчийдиган рақиб қолмади. Гавдасидан фойдалана олмайди ва бу нормал ҳолат эмас. Элдор эса, босим, кураш ва фидойилик билан жамоани олдинга етакламоқда.
"Corriere dello Sport" газетаси таҳлили ҳам Тревисани фикрига ҳамоҳанг:
– Довбик ҳали-ҳамон муҳим баҳсларда ҳал қилувчи таъсир кўрсата олмаяпти. “Лацио”га қарши дербилар шунчаки ўйин эмас — бу каби баҳсларда ҳақиқий етакчи керак. Афсуски, у бундай вазиятларда ўзини кўрсата олмаяпти.
Довбик бунақа гавдаси ва жисмоний имкониятлари билан тўп учун кўпроқ курашиши, прессингларда фаоллик кўрсатиши, ўз кучини намойиш қилиши шарт. Артём гол урмаган баҳсларда жамоага фойдаси тегмайди, деган тасаввур бор.
Кўплаб мухлислар ва экспертлар Элдор Шомуродов марказий ҳужумчи позициясида ўйнаганида жамоанинг олдинга ўтишини таъминлаш учун тинимсиз прессинг қилишини алоҳида эътироф этмоқда.
Ушбу танқидларга жавобан Довбикнинг тарафдорлари унга А Серия муҳитига мослашиш учун вақт кераклигини таъкидламоқда. Улар Испаниядаги футбол услуби ва Италиядаги ўйин ўртасида катта фарқ борлигини эслатишмоқда.
Шу билан бирга, Шомуродовнинг мухлислари сони кундан-кунга ошиб бормоқда. Улар ўзбек футболчисининг майдондаги ҳаракатчанлиги, яккакурашлардаги фаоллиги ва жамоага қўшган таъсири уни асосий ҳужумчи сифатида кўришга асосий сабаб бўлаётганини таъкидламоқда.
Ҳурматли мухлислар, сизнингча, “Рома” учун қайси ҳужумчи фойдали: Артём Довбикми ёки Элдор Шомуродов? Қимматбаҳо трансферми, ёки садоқат ва меҳнатми? Изоҳларда ўз фикрларингизни кутамиз! «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар