date
views 82

Абдуқодир Ҳусановнинг "Манчестер Сити"даги келажаги савол остида: "Барселона" уни трансфер қилиши мумкинми?

Абдуқодир Ҳусановнинг "Манчестер Сити"даги келажаги савол остида: "Барселона" уни трансфер қилиши мумкинми?
Ўзбекистон миллий терма жамоаси ва "Манчестер Сити"нинг иқтидорли ҳимоячиси Абдуқодир Ҳусановнинг сўнгги пайтларда жамоанинг бешта ўйинида майдонга туширилмаслиги мухлислар орасида турли тахминларга сабаб бўлмоқда.

Ёш футболчининг Англия клубидаги келажагига оид янгиликлар ҳам кўпайиб бормоқда. Европа матбуоти тарқатган сўнгги хабарларга кўра, "шаҳарликлар" бош мураббийи Пеп Гвардиола ўзбекистонлик ҳимоячини Европанинг юқори суръатли футболига янада яхшироқ кўникиши учун ижарага бериш тарафдори. Айни пайтда клуб раҳбарияти эса уни трансфер қилиш вариантини ҳам жиддий кўриб чиқяпти.

Албатта, Ҳусанов каби иқтидорли футболчи учун талаб юқори бўлиши табиий. Англия, Германия, Испания ва Италия клублари унинг келажаги бўйича вазиятни диққат билан кузатиб боришмоқда ва ўзбекистонлик ҳимоячи билан қизиқишмоқда.

Айниқса, Европа нашрлари тарқатган хабарларда "Манчестер Сити" ўз футболчисини "Барселона" клубига таклиф қилгани ҳақида маълумотлар пайдо бўлди.

Испаниянинг обрўли спорт нашрлари Гвардиола ўзининг собиқ клубига Абдуқодир Ҳусановни 40 миллион евро эвазига таклиф қилганини ёзишмоқда.

Хабарларга қараганда, "Манчестер Сити" ёздан бери жамоада етарли ўйин амалиётига эга бўлмаётган ҳимоячига қилинган трансфер харажатларини қайтариш имкони туғилган тақдирда уни сотиб юборишга қарши эмас.

Абдуқодир Ҳусановнинг ўзи эса жамоадаги ҳозирги вазиятдан қониқмаётгани айтилмоқда. Ёш футболчи ўз агентларига вазиятни ўзгартирадиган янги вариантларни кўриб чиқиш ҳақида топшириқ берган.

Машҳур football365.com нашри эксперти Жо Уильямс таъкидлашича, Ҳусановга қизиқиш билдирган асосий клублардан бири "Барселона" бўлиб турибди.

"Каталония клуби марказий ҳимояга керакли ўйинчиларни ўрганмоқда. Асосий номзод “Байер” ҳимоячиси Жонатан Та ҳисобланса-да, "Барселона" раҳбарлари ва жамоанинг спорт директори Деку ўзбекистонлик ёш футболчини трансфер қилиш имкониятларини жиддий кўриб чиқмоқда", – деб ёзади Жо Уильямс.

Қайд этиш лозимки, "Манчестер Сити" ўйинчиларини "Барселона"га ўтказиш борасида муайян тажрибага эга ва бундай вариант аввал ҳам ўзини оқлаган эди.

Хусусан, 2021 йил декабрда Пеп Гвардиола "Сити" ҳужумчиси Ферран Торресни "Барселона"га тавсия қилган ва орадан қисқа вақт ўтиб трансфер расман амалга ошган эди.

Бундан ташқари, иккинчи мисол сифатида Илкай Гюндоғанни келтириш мумкин. Германиялик футболчи 2023 йилда "Сити" билан шартномаси якунлангандан сўнг айнан Гвардиола тавсияси билан "Барселона"га ўтган ва бир мавсумдан кейин яна "Сити"га қайтган эди.

Эслатиб ўтиш жоизки, "Манчестер Сити" 2024 йилнинг 20 январида Франциянинг "Ланс" клубидан Абдуқодир Ҳусановни 40 миллион евро эвазига трансфер қилганди. Унинг "Сити" билан амалдаги шартномаси 2029 йил ёзигача имзоланган.

Шу кунларда Европа оммавий ахборот воситалари Ҳусановнинг келажаги борасида турли хил тахминларни тарқатаётган бўлса-да, клубнинг расмий веб-сайти ўзбекистонлик футболчи машғулотларда фаол ишлаётгани ва жамоада кайфияти жуда яхши экани акс этган суратлар ва видеолавҳаларни мунтазам равишда чоп этмоқда.

Ҳозирча аниқ қарор қабул қилингунига қадар Абдуқодир Ҳусанов атрофидаги вазият қизиқарли тус олмоқда ва уни кузатишда давом этамиз. Бу трансфернинг келажагини вақт кўрсатади...
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Абдуқодир Ҳусановнинг "Манчестер Сити"даги келажаги савол остида: "Барселона" уни трансфер қилиши мумкинми?