
Мадриднинг «Реал» клуби бош мураббийи Карло Анчелотти Ла Лига доирасида бўлиб ўтган «Хетафе» жамоасига қарши ўйиндан кейин (1:0) футболчиси Арда Гюлернинг майдондаги вақти ҳақида гапириб ўтди. Эслатиб ўтамиз, учрашувдаги ягона гол айнан туркиялик футболчи томонидан урилди.
Анчелоттига Гюлернинг мавсум давомида кўпроқ ўйин вақти олиш учун унга нималар етишмаётгани ҳақида савол берилди. Мураббийнинг фикрича, масала жамоанинг тактик тизими билан боғлиқ.
«Агар биз 4-4-2 схемасида ҳаракат қилсак, Арда таянч ярим ҳимоячи сифатида ўйнай олмайди. Унинг ўйнаши мумкин бўлган ягона позиция бу қанотда – ўнг қанот бўлади», деди мутахассис.
Бироқ Анчелоттининг таъкидлашича, жамоа 4-3-3 схемасига ўтган ҳолатда, Гюлер инсайд сифатида жамоага кўпроқ фойда келтириши мумкин.
«У жуда кўп меҳнат қилмоқда. Айни пайтда унда жисмоний жиҳатдан яккакурашларда куч бироз етишмаяпти. Лекин унинг бошқа кўплаб ажойиб сифатлари мавжуд. Буни фақатгина у киритган гол сабабли айтмаяпман. Арда жамоанинг ўйин қуришида жуда муҳим рол ўйнай олади».
Анчелотти шунингдек, кўпчилик учун ғайриоддий туюлиши мумкин бўлган фикрни билдирди: «Келажакда Арда 4-3-3 схемасида таянч ярим ҳимоячи сифатида ҳам ўйнай олади. Чунки унинг ўйинни ташкил қилиш қобилияти ажойиб даражада юқори». «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар