
Футбол мухлисларига жуда яхши таниш бўлган «Манчестер Юнайтед»нинг собиқ ҳимоячиси Патрис Эвра спортда янги саҳифа очишга қарор қилди. Франциялик машҳур футболчи 23 май куни Парижда ўтказиладиган Professional Fighters League (PFL) турнири доирасида ММАда ўзининг илк жангини ўтказиш учун расман тайёргарлик кўряпти.
Ҳозирча Эвра ким билан тўқнаш келиши маълум қилинмаган, аммо собиқ футболчи ўзи учун идеал рақиб сифатида уругвайлик юлдуз Луис Суаресни кўриши ҳақида очиқ-ойдин маълум қилмоқда. Патрис ҳатто ушбу жангни ташкил қилиш учун ўз чўнтагидан пул чиқаришга ҳам тайёр эканлигини билдирган.
«Ҳозир мен PFL промоушенидаги биринчи жангим учун жиддий тайёргарликни бошладим. У ерда менга рақиб танлашади, лекин улар ким билан учрашишни хоҳлашимни сўрашганда, мен Луис Суарес исмини айтдим. Бунинг амалга ошиши учун зарур бўлса, ўзим пул беришга ҳам тайёрман», — деди Эвра.

Маълумки, Патрис Эвра ва Луис Суарес ўртасидаги зиддиятга 14 йил тўлмоқда. 2011 йили «Манчестер Юнайтед» ва «Ливерпул» ўртасидаги учрашув пайтида Эвра Суарес уни ирқий асосда ҳақорат қилганини айтганди. Ўша воқеадан кейин Англия футбол ассоциацияси уругвайлик ҳужумчини 40 минг фунт стерлинг миқдорида жаримага тортган ва 8 та ўйинга дисквалификация қилган эди.
Эндиликда ушбу икки машҳур футболчи ўртасидаги узоқ йиллик зиддият октагонда ҳал бўлиши мумкин. Бу жанг, агар амалга ошса, нафақат футбол мухлислари, балки ММА ишқибозлари учун ҳам катта қизиқиш уйғотиши шубҳасиз. Патрис Эвранинг янги спорт туридаги биринчи қадами қандай бўлиши ҳақида яқин кунларда кўпроқ маълумот берилади. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар