
Испания Кубогининг кечаги финал баҳсида "Реал Мадрид" футболчилари принципиал рақиб "Барселона"га қарши кескин ва жуда қизғин кечган ўйинда 2:3 ҳисобида мағлубиятни қабул қилиб олишди.
Ҳал қилувчи беллашувнинг илк қисмида "қироллик клуби" ўз дарвозасидан тўп олиб чиқишга мажбур бўлди. Аммо иккинчи таймда мадридликлар тўлиқ қайта тикланиб, қисқа вақт ичида рақиб дарвозасига кетма-кет икки марта зарба беришди ва ҳисобда олдинга ўтиб олишди. Лекин учрашувнинг асосий вақти якунланишига бир неча дақиқа қолганда каталонияликлар жавоб голини киритишга эришишди.
Қўшимча вақтда эса, вазият яна кескин тус олди. "Барса" ҳимоячиси Жюль Кунде 117-дақиқада аниқ ва ҳал қилувчи зарбаси билан "кўк-анорранглилар"га тарихий ғалабани тақдим этди ва уларга Испания кубогини олиб берди.
Учрашув якунлангач, мадридликлар бош мураббийи Карло Анчелотти сўнгги дақиқаларда содир бўлган ва ўйин тақдирини ҳал қилган вазият ҳақида ўз фикрларини билдирди.
«117-дақиқада рақибнинг ҳал қилувчи тўпи киритилган вазиятда кичик тушунмовчилик юз берди. Браим Диас унга тўп юқоридан орқали узатилишини кутаётганди. Лука Модрич эса унинг ўйлаганидан фарқли равишда тўпни ердан узатди. Одатда, бундай кичик жиҳатлар кўп ҳолларда ўйин натижасига таъсир қилмайди. Аммо бу гал айнан шу вазият биз учун ҳал қилувчи бўлиб чиқди ва ғалабани қўлдан бой беришимизга олиб келди», — дея изоҳ берди Анчелотти.
Маълумот учун, ушбу ғалаба "Барселона" учун клуб тарихидаги 32-Испания кубогини англатса, "Реал Мадрид" жамоаси эса ўз тарихида 21-маротаба ушбу соврин учун кечган финалда мағлубият аччиғини тотди. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар