date
views 28

Тошкентда кўча футболи бўйича Red Bull Four 2 Score турнири якунланди: чемпионлар Австрияга йўл олади!

Тошкентда кўча футболи бўйича Red Bull Four 2 Score турнири якунланди: чемпионлар Австрияга йўл олади!
Жорий йилнинг 27 апрель санасида Тошкент шаҳрида кўча футболи бўйича ўзига хос ва қизиқарли форматда ўтказилган Red Bull Four 2 Score халқаро турнирининг миллий босқичи бўлиб ўтди. Ўзининг ноодатий қоидалари билан ажралиб турадиган ушбу чемпионатда «POSITIVE TM» жамоаси чемпионликни қўлга киритиб, Ўзбекистон номидан жаҳон финалида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритди.

Red Bull Four 2 Score турнирининг ўзига хослиги шундаки, баҳслар кичрайтирилган майдонда, 4х4 форматида ва дарвозабонларсиз ўтказилади. Ўйинлар жами 10 дақиқа давом этади ва турнирда киритилган голлар ўзига хос тарзда баҳоланади. Масалан, ўйиннинг биринчи ва охирги 60 сониясида урилган голлар жамоаларга 2 очкодан келтиради. Бугунги кунда бу мусобақа 25 дан зиёд мамлакатларда ўтказилаётган бўлиб, ғолиб жамоалар сентябрь ойида Австриянинг Залцбург шаҳрида ўтадиган нуфузли жаҳон финалида иштирок этишади.

Тошкент шаҳридаги Юнусобод спорт мажмуасида ташкил этилган миллий босқичда жами 63 та жамоа мамлакат чемпионлиги учун рақобатлашди. Қизғин баҳсларга бой бўлган турнир финалида тажрибали «YooToo 1» жамоасини 3:0 ҳисобида мағлубиятга учратган «POSITIVE TM» жамоаси ғалаба қозонди ва мамлакат шарафини Австрияда ҳимоя қилиш имкониятига эга бўлди.

Ғолиб жамоанинг 25 ёшли аъзоси Руслан Веклик турнирдан кейин ўзининг ҳис-туйғуларини шундай изҳор этди:

«Ҳис-ҳаяжон жуда юқори! Бу ғалаба биз учун жуда аҳамиятли. Энг мураккаб ва руҳан оғир ўйин финал эмас, балки яқин дўстларимиз — «PROGRESS» жамоасига қарши бўлиб ўтди. Таъқдир тақозоси билан бугун биз чемпионликни қўлга киритдик ва энди Австрияда мамлакат байроғини фахр билан ҳимоя қиламиз!»

Red Bull Four 2 Score — бу нафақат профессионал, балки ҳар қандай даражадаги футбол ишқибозлари учун қизиқарли турнир ҳисобланади. Мазкур халқаро чемпионатнинг жаҳон финали эса «Ред Булл Залцбург» клубининг уй стадионида бўлиб ўтади ва унда дунёнинг турли мамлакатларидан сара жамоалар ўз орасида куч синашади.

Энди барча мухлисларнинг назари Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилувчи «POSITIVE TM» жамоасига қаратилади. Уларга жаҳон финалида ҳам омад ёр бўлишини тилаб қоламиз!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Тошкентда кўча футболи бўйича Red Bull Four 2 Score турнири якунланди: чемпионлар Австрияга йўл олади!