
Кеча Суперлиганинг 7-тури доирасида бўлиб ўтган «Навбаҳор» — «Бухоро» ўртасидаги баҳсдан кейин меҳмонлар бош мураббийи Улуғбек Бакаев лавозимини тарк этиш ҳақида қарор қабул қилганини маълум қилди.
«Бугун биз Суперлигада кетма-кет тўртинчи мағлубиятни қабул қилиб олдик. Бу вазият мен учун жуда оғриқли ва тушкунликка сабаб бўлмоқда. Биз қўлимиздан келган барча ҳаракатни қилдик — мухлислар, футболчилар ва клуб шаъни учун бор кучимизни сарфладик. Аммо, афсуски, кўзланган натижага эриша олмадик», — дея ўз сўзини бошлади мутахассис.
Шунингдек, Бакаев клуб раҳбариятидан унинг истеъфосини қабул қилишни сўради ва бу қарорни тўғри тушунишларига умид билдирди.
«Ҳозир «Бухоро» жамоасига янги қон, янги ғоялар ва руҳлантирувчи янги куч керак. Мен раҳбариятдан истеъфомни қабул қилишларини илтимос қиламан. Бу қароримни улар тўғри тушунишади, деб ишонаман. Мухлисларимиздан ҳам самимий узр сўрайман. Бу ҳолат мени ҳам ташвишга солмоқда. Кийим алмаштириш хонасида футболчиларга айтдим: менинг ўрнимга ким келишидан қатъи назар, унга ҳурмат ва масъулият билан муносабатда бўлишлари лозим», — деди Бакаев.
Эслатиб ўтамиз, «Бухоро» бугунги кунгача Суперлига жадвалида пастки ўринларни эгаллаб турибди ва жамоанинг кейинги тақдири қандай кечиши яқин вақт ичида аниқ бўлиши кутилмоқда. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар