date
views 213

Миржалол Қосимов: «Бу мағлубиятдан керакли хулосаларни чиқариб оламиз»

Миржалол Қосимов: «Бу мағлубиятдан керакли хулосаларни чиқариб оламиз»
ОКМК клубининг бош мураббийи Миржалол Қосимов Суперлиганинг навбатдаги турида «Бунёдкор»га қарши учрашувда учралган аламли мағлубиятдан сўнг, ўз фикрлари билан ўртоқлашди ва ўйиндаги омадсизлик сабаблари ҳақида тўхталиб ўтди.

— «Бунёдкор» учун бу жуда муҳим ғалаба бўлди. Лекин очиғини айтиш керак, биз бугунги учрашувда мағлуб бўлишга лойиқ эмасдик. Биринчи бўлимда жамоамиз ўзига хос тарзда ўйнай олмади. Шу билан бирга, «Бунёдкор» тартибли ва интизомли ҳаракат қилиб, муносиб ғалабани қўлга киритди. Иккинчи бўлимда эса ўйин устунлигини ўз қўлимизга олганимизга қарамасдан, кутилган натижага эришмадик.

— Тартибли жамоаларга қарши нима сабабдан қийналмоқдасиз?
— Айниқса ҳужумга ўтаётган пайтимизда ҳимоя чизиғимиз очилиб қоляпти. Гарчи яхши вазиятлар яратаётган бўлсак-да, ҳужумларимизда зарбалар аниқлиги етишмаяпти. Бундан ташқари, рақиб ҳимояда жуда мустаҳкам ва қаттиқ интизомли ҳаракат қилди. Бугунги ҳаво шароити ҳам ўйинимизга таъсир кўрсатди, чунки майдонда жуда иссиқ ва дим ҳаво ҳукм сурди.

— Дарвозабон позициясига ўринбосар қўшиладими?
— Ҳозирги футболда рақобат муҳим аҳамиятга эга. Лекин бу масала бўйича ҳозирча аниқ режамиз йўқ ва бирон номзодни кўз остимизга олганимиз ҳам йўқ.

— Аввалги икки чиройли ғалабадан кейин бугунги ўйинда нима ўзгарди?
— Тўғриси, бу саволга аниқ жавоб бериш қийин. «Насаф»га қарши муҳим ғалабадан кейин футболчиларимизда маълум бир бўшашиш кайфияти пайдо бўлган бўлиши мумкин. Лекин футболчиларнинг қалбига кириб чиқа олмайман-ку, аниқ айтиш қийин.

— Иккинчи бўлимдаги ўзгаришлар ҳақида нима дея оласиз?
— Бундан аввал уч нафар ҳимоячи билан ўйнаган ўйинларимизда яхши натижа кўрсатган эдик. Лекин бугунги учрашувда вазият тақозосига кўра тактик схемани ўзгартиришга қарор қилдик.

— Бугунги учрашув сизга асосан нимани кўрсатди ва кейинги ўйинда қандай ўзгаришлар бўлиши мумкин?
— Бугунги ўйин биз учун катта дарс бўлди. Фақат шундан тўғри хулоса чиқариб, кейинги учрашувларда таркибда маълум ўзгаришлар ва ротациялар амалга ошириш мумкин.

— «Насаф»га қарши ўйиндан кейин футболчиларнинг ҳолати ҳақида гапирдингиз, шу ҳақида батафсилроқ айтсангиз?
— Ўша муҳим ғалабадан кейин жамоа қисқа муддат дам олди, аммо кейинги беллашувга тайёргарликни тезда бошлашимиз лозим эди. Энг асосий вазифамиз — бугунги учрашувдан тўғри қарор ва хулосаларни чиқариб, кейинги баҳсларга муносиб ҳолда тайёргарлик кўришдир, — дея сўзини якунлади Миржалол Қосимов.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Миржалол Қосимов: «Бу мағлубиятдан керакли хулосаларни чиқариб оламиз»