date
views 252

Абдуқодир Ҳусановнинг “Манчестер Сити”даги келажаги қандай бўлади?

Абдуқодир Ҳусановнинг “Манчестер Сити”даги келажаги қандай бўлади?
Ўзбекистон миллий терма жамоаси ва “Манчестер Сити” клуби марказий ҳимоячиси Абдуқодир Ҳусанов сўнгги пайтларда футбол ишқибозлари ва оммавий ахборот воситалари орасида кўп муҳокама қилинаётган мавзуга айланди. Хорижий нашрлар ҳам ўзбек футболчисининг Англия грандидаги ҳолати ва келажаги ҳақида мунтазам ёзиб боряпти. Ана шундай нашрлардан бири – onefootball.com портали Ҳусановнинг вазиятига бағишланган мақола эълон қилди. Биз ушбу материални сизларга тақдим этамиз.

Январь ойида Франциянинг “Ланс” клубидан “Манчестер Сити”га ўтган Абдуқодир Ҳусанов дастлабки кунларданоқ клуб бош мураббийи Хосеп Гвардиола ишончини қозонди. У ўзининг юқори салоҳиятини тезда кўрсатиб, “шаҳарликлар”нинг асосий таркибида ўйнашга муносиб эканини исботлади. Аммо кейинги учрашувларда ёш ҳимоячи майдонда кўринмай қолди. Бу ҳолат турли саволларни келтириб чиқарди.

Нашрнинг ёзишича, Абдуқодирнинг захирада қолиб кетишига асосий сабаб – ҳимоя чизиғида пайдо бўлган кучли рақобатдир. Хосеп Гвардиола ҳимоя марказида Рубен Диаш ва Йошко Гвардиолдан иборат жуда кучли жуфтликни шакллантирди. Шунингдек, Нико О'Райли чап қанот ҳимоячиси сифатида ишончли ўйинлари билан ўзбек футболчисининг асосий таркибга қайтишига тўсқинлик қилмоқда.

Шу билан бирга, Ҳусанов ўз имкониятларини йўқотиб қўймаган. У январь ойидан буён жами тўққизта учрашувда майдонга тушиб, тезкорлиги, жисмоний куч-қуввати ва ҳимояланиш маҳорати билан мутахассислар эътиборини торта олди. Шунингдек, Гвардиола тизимида Абдуқодирнинг тўп билан муомала қилиш кўникмалари сезиларли даражада яхшиланди. Бу хусусият, аслида, унинг “шаҳарликлар” таркибига олинишида асосий омиллардан бири бўлган эди.

Бироқ, айни пайтда Гвардиола мавсум давомидаги муваффақиятларни таъминлаётган формулани ўзгартиришни истамаётгани сабабли, Абдуқодир захирада қолишга мажбур бўлиб турибди. Лекин шуни таъкидлаш лозимки, унинг жамоадаги келажаги ёрқин кўринади. Чунки ўзбек ҳимоячиси эндигина 21 ёшга тўлди ва унинг ўз иқтидорини намойиш этиши учун ҳали кўп имкониятлари бор.

Onefootball.com портали таъкидлашича, “Манчестер Сити” Ҳусановни унутиб қўйгани йўқ. Хосеп Гвардиола фақат ҳозирги вазиятда жамоа муаммоларига бошқа ечим топди, холос. Ўзбекистонлик футболчи клубнинг келаси мавсумида асосий таркибга қайтиш имкониятига эга ва, эҳтимол, бу имконият тез орада Японияда бўлиб ўтадиган клублар ўртасидаги жаҳон чемпионатидаёқ юзага келиши мумкин.

Абдуқодир Ҳусанов ўз кучига ишонишда давом этмоқда. Уни олдинда катта синовлар ва порлоқ келажак кутмоқда. Унинг даври, шубҳасиз, олдинда. Бу борада “Манчестер Сити” раҳбарияти ва бош мураббий Хосеп Гвардиола ҳам бир фикрда.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Абдуқодир Ҳусановнинг “Манчестер Сити”даги келажаги қандай бўлади?