
Ўзбекистон миллий терма жамоаси ва "Манчестер Сити" клуби ҳимоячиси Абдуқодир Ҳусанов атрофидаги янгиликлар нафақат маҳаллий футбол мухлислари, балки Европанинг нуфузли нашрлари эътиборида ҳам турибди.
Февраль ойида "шаҳарликлар"нинг энг яхши футболчиси деб топилган Абдуқодир Ҳусанов кейинги пайтларда асосий таркибдан четда қолмоқда. 21 ёшли марказий ҳимоячи сўнгги олтита учрашувни захирада ўтказди. Хосеп Гвардиола эса унинг ўрнига бошқа футболчиларга ишонч билдирмоқда.
Европа ОАВ маълумотига кўра, “Манчестер Сити” ўзбекистонлик футболчини ижарага бериш ниятида. Энг қизиқарлиси, бу вазиятдан "Барселона" фойдаланиб қолмоқчи ва Абдуқодирни таркибига қўшиб олиш устида иш бошлаган.
Каталониянинг машҳур спорт сайти carpetasfcb.com ҳам бу мавзуга эътибор қаратиб, қуйидагиларни ёзди:
– "Барселона" клуби трансфер режаларини шакллантирмоқда. Клубнинг спорт директори Деку бошчилигидаги мутасаддилар ёш, иқтидорли ва клуб услубига мос келадиган футболчиларни топиш билан банд. Ана шундай ўйинчилар орасида Англия Премьер-лигасида ҳаракат қилувчи бир ном алоҳида кўзга ташланмоқда.
Январда "Манчестер Сити"га катта умидлар билан келтирилган марказий ҳимоячи Абдуқодир Ҳусанов бугунги кунга келиб ўзининг клубдаги ҳолатидан тўлиқ қониқмаяпти. У Хосеп Гвардиола жамоасига мослашиш жараёнида қийинчиликларга учрамоқда. Шу сабабли у клуб таркибидан четлатилган ва жамоада ўз ўрнини йўқотган.
Манчестерликлар эса футболчининг иқтидорини юзага чиқариш учун унга муҳитни ўзгартириш имкониятини яратиб бериш керак деб ҳисобламоқда. Айнан шу нуқтада "Барселона" режалари пайдо бўлди. Каталонияликлар агар "Сити" Ҳусановдан воз кечса, уни ўз сафларига қўшиб олишга тайёр.
Абдуқодир Ҳусанов бу мавсум ўртасида Франция чемпионатидан "Манчестер Сити"га ўтган эди. Ўшанда Гвардиола унинг трансферига катта эътибор қаратган ва Умар Мармуш, Нико Гонсалес, Витор Рейс каби иқтидорли футболчилар билан биргаликда таркибни кучайтирган эди, – дейилади мақолада.
Шунингдек, бошқа спорт манбалари ҳам "Барселона" клуби ўзбек футболчисининг трансфери бўйича ички муҳокамаларни бошлаганини тасдиқлашмоқда. Клуб спорт директори Деку Ҳусановнинг Франция ва Англияда орттирган тажрибаси, Европа мусобақаларида қатнашгани ва тўп назоратининг юқори даражаси жамоа ўйин услубига идеал даражада мос келишини таъкидламоқда.
Яна бир муҳим жиҳат – "Манчестер Сити" Абдуқодир трансферидан молиявий жиҳатдан фойда олишни кўзламоқда. Бу эса "Барселона" учун молиявий Fair Play талабларига мувофиқ келиш имкониятини яратади. Каталонияликлар Ҳусановни дастлаб ижарага олиб, кейинчалик сотиб олиш ҳуқуқини ҳам қўлга киритишни режалаштирган.
Бироқ трансфер борасидаги музокаралар ҳали бошланғич босқичда эканлиги, барчаси "Манчестер Сити"нинг қарори ва Абдуқодирнинг истагига боғлиқ экани таъкидланмоқда. Аниқ бир нарса – "Барселона" ушбу иқтидорли футболчини қўлдан чиқармаслик учун астойдил ҳаракат қилади.
Абдуқодир ҲусановБарселона ТрансферМанчестер СитиФутбол ЯнгиликлариЕвропанинг НашрлариЎзбек Футболи Янгиликлар
«Замин»ни Telegram’да ўқинг! Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар