date
views 48

Ўзбекистон ёш боксчилари Осиё чемпионатида рекорд натижалар қайд этди!

Ўзбекистон ёш боксчилари Осиё чемпионатида рекорд натижалар қайд этди!
Иордания пойтахти Амман шаҳрида бокс бўйича 15 ёшгача ва 17 ёшгача бўлган ёшлар ўртасида Осиё чемпионати бўлиб ўтди. "World Boxing" халқаро ташкилоти шафелигида ўтказилган мазкур нуфузли мусобақада Ўзбекистон терма жамоаси ёрқин натижа қайд этиб, қитъа миқёсида ўз кучини яна бир бор намойиш этди.

Умумий жамоавий натижаларга кўра, Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси мусобақани 44 та медал билан якунлади. Бизнинг ёш чарм қўлқоп усталаримиз 16 та олтин, 15 та кумуш ва 13 та бронза медалини қўлга киритишга эришдилар. Шундай натижа билан Ўзбекистон термаси умумжамоа ҳисобида фақат қўшни ва анъанавий рақиб бўлган Қозоғистондан озгина ортда қолиб, иккинчи ўринни эгаллади.

Эътиборли жиҳати, Қозоғистон ҳам худди Ўзбекистон каби 44 та медални қўлга киритди. Улар ҳам 16 та олтин, 15 та кумуш ва 13 та бронза билан якунлади, аммо умумий очколар бўйича кичик фарқ билан олдинга чиқиб, биринчи ўринни қўлга киритишга эришди.

Шунингдек, Ҳиндистон терма жамоаси ҳам кучли натижа кўрсатиб, жами 43 та медал (15 олтин, 6 кумуш ва 22 бронза) билан учинчи ўринни эгаллади. Мусобақанинг кучли бешлигини Украина (5 олтин, 7 кумуш, 24 бронза) ва Эрон (1 олтин, 5 кумуш, 5 бронза) терма жамоалари якунлаб беришди.

Қайд этиш керакки, мусобақада иштирок этган ёш боксчиларимизнинг сифати ва кўрсатган юқори даражадаги жанглари бўйича Ўзбекистон термасига тенг келадиган жамоа топилмади. Турнирда иштирок этган 51 нафар боксчимиз умумий ҳисобда 140 очко жамғариб, бу борада биринчи бўлди. Бизга энг яқин натижани кўрсатган Қозоғистон термаси эса 56 нафар боксчи билан қатнашиб, 138 очко билан иккинчи бўлди.

Умумий ҳисобда мазкур Осиё чемпионатида жами 18 та давлатдан ёш боксчилар ўз омадларини синаб кўришди. Ўзбекистон терма жамоасининг ёш авлоди эса яна бир бор мамлакатимизда бокс спорт тури келажаги ёрқин эканлигини тасдиқлади. Бу натижа шу билан бирга мамлакатимизда ушбу спорт турини янада оммалаштиришга ва ёшларимизнинг халқаро майдонларда муваффақиятли иштирок этишига қўшимча туртки бўлиши шубҳасиздир.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Ўзбекистон ёш боксчилари Осиё чемпионатида рекорд натижалар қайд этди!