date
views 99

Ханс-Дитер Флик: «Биз таваккалчиликдан қўрқмаймиз, асосийси – натижа»

Ханс-Дитер Флик: «Биз таваккалчиликдан қўрқмаймиз, асосийси – натижа»
Испаниянинг «Барселона» клубини бу мавсумда Ла Лиганинг етакчи жамоасига айлантирган немис мутахассиси Ханс-Дитер Флик жамоасининг ўйин услубини танқид қилувчиларга жавоб берди.

Журналистлар билан ўтказилган матбуот анжуманида Флик «Барселона»нинг кўп гол ўтказаётгани ва ҳимояда таваккалчиликка йўл қўяётгани ҳақидаги танқидларга муносабат билдирди:

— Ҳақиқатдан ҳам кўпчилик жамоамизни таваккалга йўл қўйишда айбламоқда. Бу ҳақда Германия оммавий ахборот воситаларида ҳам хабарлар тарқалаётганини кўриб турибман. Лекин бошқа клубларга, айниқса, асосий рақибимиз «Реал»га қарайдиган бўлсак, улар ҳам анча кўп гол ўтказиб юбормоқда. Биз билан улар ўртасида бу борада жуда катта фарқ йўқ. Бироқ, уларга нисбатан биз кўпроқ тўп киритдик. Энг муҳими ҳам шу эмасми?

Эҳтимол, ўйин услубимиз ҳақиқатан ҳам хавфли ва бироз таваккалчиликка асосланган бўлиши мумкин. Лекин футболчиларим майдонда намойиш этаётган иштиёқ, ўйинга бўлган ёндошувлари менга ёқяпти. Жамоамиз ўйинда яхши шаклланган, кучли ва бирлашган ҳолда эканлигини кўрсатишимиз жуда муҳим, — деди Флик.

Маълумот учун, жорий мавсумда «Барселона» Ла Лига доирасида ўтказилган 33 та учрашувда рақиблар дарвозасига жами 89 та тўп киритди. Бироқ каталонияликлар ўз дарвозасидан ҳам 32 та гол ўтказиб юборган.

Бу кўрсаткич «Реал Мадрид» билан таққослаганда, мадридликларда ўтказиб юборилган голлар сони бироз камроқ – 31 та. Бироқ улар киритган голлар сони бўйича «Барселона»дан сезиларли даражада ортда қолмоқда – «қаймоқранглилар» ҳисобида 66 та тўп бор, яъни «Барса»дан 23 та голга камроқ.

Флик бошқарувидаги «Барселона» айни вақтда Испания чемпионатида биринчи ўринни ишончли эгаллаб турибди ва асосий рақиби «Реал»дан бир неча очко олдинда кетмоқда.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Ханс-Дитер Флик: «Биз таваккалчиликдан қўрқмаймиз, асосийси – натижа»