
Суперлиганинг 8-туридан ўрин олган «Хоразм» – «Насаф» учрашувидан кейин мезбонлар бош мураббийи Ҳаким Фузайлов матбуот анжуманида ўйин ҳақида ўз фикрларини билдирди.
Мураббий ўз сўзида бугунги беллашув амалдаги чемпион «Насаф»га қарши бўлгани сабабли, жамоаси учун оғир кечганини алоҳида қайд этиб ўтди:
– Биринчи навбатда шуни таъкидлашни истардимки, бугун биз кучли ва яхши шаклланган жамоага қарши майдонга тушдик. «Насаф» билан бўладиган баҳс осон бўлмаслигини аввалдан билардик. Футболчиларимга рақибга қарши охиригача курашгани учун миннатдорчилик билдираман. Албатта, ўйин жараёнида баъзи хатоларга йўл қўйдик, сабаби «Насаф» каби рақибга қарши майдонга тушсангиз, у ерда хатолар юзага чиқмаслиги мумкин эмас.
Шунга қарамасдан, қайд этилган дуранг натижадан хурсандмиз. Бунинг учун шогирдларимга алоҳида раҳмат айтаман. Учрашувнинг ўзи ва якуний натижаси мени қониқтирди. Бу баҳсда ғалаба қозонишимиз ҳам, мағлуб бўлишимиз ҳам мумкин эди. Лекин якунда 1:1 ҳисоби қайд этилди. Оғир беллашув сабаб футболчиларимизда чарчоқ кўринди. Лекин буни жиддий муаммо деб ўйламайман. Энди футболчиларимиз дам олиб, навбатдаги ўйинга тайёргарлик кўришни бошлаймиз, – деди Ҳаким Фузайлов.
Мураббий шунингдек, жамоанинг кейинги ўйинларга жисмоний ҳолати ҳақидаги саволга ҳам жавоб бериб ўтди:
– Кейинги баҳсимизни 11 май куни сафарда «Навбаҳор»га қарши ўтказамиз. Бу учрашувгача 9 кунлик вақт борлигини инобатга олсак, ўйлайманки, жамоамизда етарли даражада дам олиш ва кейинги ўйинга тайёрланиш имконияти бўлади. Бизнинг асосий вазифамиз – футболчиларимизнинг кучини тезроқ тиклаб олиш.
Шундан сўнг машғулотларга жиддий киришиб, ўйинимизни янада яхшилаш устида ишлаймиз. Умуман олганда, жамоамизнинг жисмоний ҳолати ёмон эмас, бироқ баъзи ўйинлар жуда қисқа вақт оралиғида бўлиб ўтгани сабабли чарчоқ сезилган бўлиши мумкин. Ўйлайманки, яқин вақтда бу чарчоқ ҳам ортда қолади ва жамоа яна оптимал ҳолатига қайтади, – дея якунлади мураббий. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар