date
views 364

“Бухоро” устози мағлубият, истеъфо мавзуси ва ёшлар ҳақида фикр билдирди

“Бухоро” устози мағлубият, истеъфо мавзуси ва ёшлар ҳақида фикр билдирди
Суперлиганинг 8-тур доирасида бўлиб ўтган “Бухоро” – “Машъал” (1:2) учрашувидан сўнг, мезбонлар жамоаси бош мураббийи Улуғбек Бакаев матбуот анжуманида иштирок этиб, кеча бўлиб ўтган баҳс юзасидан фикрлари билан ўртоқлашди.

“Имкониятлар бўлди, фақат улардан фойдалана олмадик”

“Йигитларга ҳеч қандай эътирозим йўқ. Уларнинг ўйинга тайёргарлиги, ҳаракатлари ёмон бўлмади. Биринчи бўлимда 2–3 марта жуда хавфли вазиятлар яратдик. Айрим ҳолатларда рақиб дарвозабони жамоасини қутқарди, баъзи эпизодларда эса футболчимиз тўпни тўғри қабул қила олмади.

Танаффусдан кейин гол ўтказиб юбордик, аммо тезда ҳисобни тенглаштира олдик. Шунча имкониятдан камида биттасини ишга солишимиз керак эди. “Машъал” эса ўз вазиятларидан унумли фойдаланди. Ғалаба билан табриклайман.”, - деди Улуғбек Бакаев.

Истеъфо мавзусидаги саволга очиқ жавобдан бош тортди

Журналистлар томонидан берилган истеъфо масаласига оид саволга Бакаев шундай жавоб қайтарди:

“Бу савол ўйин билан боғлиқ эмас. Илтимос, бугунги баҳс доирасида қолайлик. Раҳбариятнинг қарори — шахсий масала. Мен ва клуб раҳбарияти ўртасидаги муносабат очиқ ва конструктив асосда давом этмоқда.”

“Ҳимоядаги муаммолар руҳий жиҳатдан келиб чиқмоқда”

Сўнгги ўйинларда жамоа кўп гол ўтказаётгани, ҳимоя чизиғида асосан легионерлар ҳаракат қилаётгани ҳақидаги саволга эса шундай жавоб қайтарди:

“Тўғри, сўнгги ўйинларда кўп гол ўтказиб юборяпмиз. Хусусан, учрашув якунлаш арафасида. Буни мен кўпроқ руҳий тайёргарлик билан боғлайман.

Спортчи мағлубиятларга учраб борса, ўзини йўқотиши мумкин. Бундай вазиятларда камида дуранг олиш, ҳатто минимал ғалаба жамоанинг кайфиятини кўтаради.”

Ёшларга ишонч бор, аммо майдонда ўзини кўрсатиш шарт

Бакаев жамоада Жавоҳир Рўзиев ва Равшан Хайруллаев каби ёшларга имконият берилаётганини алоҳида таъкидлади:

“Замонавий футболда ёш асосий омил эмас. Футболчи Суперлига даражасига мос бўлса, унинг ёши 15 ёш бўладими ё 30 — аҳамиятсиз.
Биз барчага тенг имконият яратамиз. Аммо имкониятдан унумли фойдаланиш, ўзини майдонда кўрсатиш — футболчининг зиммасида. Сифат бўлмаса, қанча имконият берилмасин, асосий таркибда жой эгаллаб бўлмайди.”

Пенальти вазияти ҳақида: “Ўзим кўрмадим, лекин футболчи тан олди”

Белгиланган пенальти бўйича ҳам ўз фикрини билдирган мураббий вазиятни шахсан кўрмаганини, аммо футболчининг сўзига таянаётганини билдирди:

“Мен ўша эпизодни кўрмадим. Футболчидан сўрадим — агар тўп унга тегган бўлса, бу пенальти бўлиши мумкин. Аслида, ҳимоячи жарима майдонида подкат қилмаслиги керак. Аммо шундан сўнг ҳам ҳисобни тенглаштирдик ва ҳатто олдинга чиқиш имкониятимиз ҳам бор эди.

Ҳакам қарор қабул қилган экан, демак, унинг асослари бўлган. Мен бунга ҳурмат билан қарайман.”

Хулоса ўрнида…

“Бухоро” жамоаси сўнгги ўйинларда натижа жиҳатидан қийналаётган бўлса-да, жамоа ўйини, ёшларга берилаётган имконият ва мураббийнинг сўзларидан келиб чиқиб, клубда умид барқарорлигича қолмоқда.

Сиз нима деб ўйлайсиз — Бакаев “Бухоро”ни руҳий ва натижавий инқироздан олиб чиқа оладими?
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » “Бухоро” устози мағлубият, истеъфо мавзуси ва ёшлар ҳақида фикр билдирди