
Италия чемпионатида мавсумни ўта қийинчиликлар билан бошлаган Римнинг "Рома" клуби ҳал қилувчи паллага келиб ажойиб натижалар қайд эта бошлади ва Европа Чемпионлар лигасига йўлланма учун жиддий даъвогарга айланди. Жозе Моуриньодан кейинги иккинчи мураббий Клаудио Раньери бошқарувида қайта жонланган римликлар 35-турда ўз майдонида "Фиорентина" жамоасини 1:0 ҳисобида енгиб, муҳим ғалабани қўлга киритди.
Ушбу учрашувда ҳам Ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қилаётган ҳужумчи Элдор Шомуродов ҳал қилувчи рол ўйнади. Биринчи бўлим тугашига бир неча сония қолганда, Шомуродов боши билан ажойиб узатмани амалга оширди ва бу тўпни украиналик ҳамкасби Артём Довбик бош билан Давид де Хеа қўриқлаган "Фиорентина" дарвозасига жойлаб қўйди.
Мана шу ягона гол орқали "Рома" нафақат муҳим уч очкони қўлга киритди, балки бир йўла икки муҳим рекордни ҳам қайд этди.
Биринчидан, бу ғалаба жамоанинг мавсумдаги тўққизинчи 1:0 ҳисобидаги зафари бўлди ва бу – Европанинг топ-5 чемпионатлари бўйича мавсум рекорди ҳисобланади. Opta статистик агентлигининг маълумотига кўра, Англия, Испания, Германия, Франция ва Италия чемпионатларида ҳеч бир жамоа бу мавсум ҳали бу қадар кўп минимал ғалаба қозонмаган. "Рома"нинг шу ғалабаларидан саккизтаси Клаудио Раньери бошчилигида, биттаси эса собиқ мураббий Иван Юрич даврида рўйхатга олинган.
Бундан ташқари, "бўрилар"нинг мағлубиятсиз серияси ҳам диққатга сазовор. 2024 йил декабридан бошлаб, римликлар 19 учрашувда бирорта ҳам мағлубиятга учрамади: бу ўйинларда 14 марта ғалаба қозонган жамоа, беш бор дурангга рози бўлди. Айтиш жоизки, бу натижа ҳам топ-5 чемпионатлар ичида мавсум рекорди бўлиб, "Рома"дан бошқа ҳеч бир клуб ҳозиргача бу кўрсаткични қайд этмаган.
Бу ғалабаларнинг аксариятида фаол иштирок этган Шомуродовнинг ҳиссаси беқиёс. Элдор 33-турда "Верона" дарвозасига киритган ягона голи билан, минимал ғалабалар сони бўйича жамоанинг ички мавсум рекордини ўрнатишда бевосита иштирок этганди. У пайтда бу кўрсаткич 7тага етган бўлса, кейинги икки учрашувда – "Интер" ва "Фиорентина" билан ўйинларда Элдорнинг голли узатмалари эвазига "Рома" яна икки бор кичик ҳисобда ғалаба қозонди ва бу натижа энди тўққизтага етди.
Бу кўрсаткич эса "Рома" клубининг ярим аср аввал ўрнатган рекордини такрорлади. Маълумотларга кўра, 1965-1966 йилги мавсумда Оронцо Пульезе ҳамда 1974-1975 йилги чемпионатда Нилс Лидхольм бошқарувида ҳам римликлар бир мавсумда тўққиз марта 1:0 ҳисобида ғалаба қозонган.
Энди эса Клаудио Раньери бошқарувидаги жамоа бу кўрсаткич бўйича янги мутлақ рекорд ўрнатиш арафасида турибди. Қолган учта – "Аталанта", "Милан" ва "Торино" билан ўйинлардан биттасини кичик ҳисобда ютиши уларнинг тарихий рекорд ўрнатиши учун етарли бўлади.
Эслатиб ўтамиз, Элдор Шомуродов ушбу мавсумда жами 24 та ўйинда майдонга тушиб, "Эмполи", "Монца", "Ювентус" ва "Верона" клублари дарвозаларини ишғол этган. Шунингдек, "Болонья", "Монца", "Интер" ва "Фиорентина" клубларига қарши ўйинларда голли узатмалар амалга ошириб, жамоанинг Европа Чемпионлар лигаси учун курашида ҳал қилувчи рол ўйнамоқда.
"Рома"нинг бу ажойиб натижалари мухлисларга ёқимли туйғулар улашиб, клубнинг энг юқори савиядаги мусобақада иштирок этиши учун имкон яратмоқда. Элдорнинг эса бу муваффақиятлардаги хизмати ўзбек мухлислари учун янада ёқимлидир! «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар