date
views 2 448

Элдор Шомуродов: «Довбик билан майдонда бир-биримизни кўз билан тушуняпмиз»

Элдор Шомуродов: «Довбик билан майдонда бир-биримизни кўз билан тушуняпмиз»
Италия чемпионатининг 35-туридан ўрин олган муҳим учрашувда "Рома" ўз майдонида Флоренциянинг "Фиорентина" клубини қабул қилди. Римликлар бу баҳсни ҳам ғалаба билан якунлаб, Европа Чемпионлар лигаси учун курашда яна бир улкан қадамни ташлади.

Бу ўйинда ҳам асосий қаҳрамонлардан бири Ўзбекистон миллий терма жамоасининг сардори Элдор Шомуродов бўлди. Беллашувнинг биринчи бўлими якунланаётган бир пайтда ҳамюртимиз рақиб жарима майдонида жуда қийин вазиятда қолганига қарамай, ўз маҳоратларини ишга солиб, тўпни бош билан украиналик ҳамкасби Артём Довбикка аниқ етказиб берди. "Фиорентина" дарвозабони Давид де Хеа эса бу зарбага қарши чора топа олмади.

Бу гол бутун ўйин давомида ягоналигича қолди ва "бўрилар"га жуда зарур бўлган уч очкони келтирди.

Эътиборли жиҳати, Элдор ўтган турда ҳам "Интер"га қарши ўйинда ягона ва ҳал қилувчи голга ассистентлик қилган эди. Ўзбек ҳужумчиси айнан шундай муҳим вазиятларда иштирок этиб, "Рома" мухлислари юрагидан муносиб ўрин эгаллаб улгурди.

Шомуродовнинг ўйиндан олдин берган интервьюси ҳам бу борада эътиборга моликдир. "Рома"нинг ҳужум чизиғида Артём Довбик билан бирга ҳаракат қилиш унга қулайлик туғдираётганини айтиб ўтган ҳужумчи бу сўзларини амалда ҳам исботлади.

Элдор Шомуродов SKY ҳамда DAZN телеканаллари мухбирлари билан суҳбатлашиб, ўйин ва жамоа ҳақидаги фикрлари билан ўртоқлашди. Қуйида футболчининг интервьюси тўлиқ ҳолда ҳавола қилинади:

— "Рома"нинг юқори темпдаги ўйин услуби сизга ёқаяптими?
— Ҳа, бу биз учун қулай ва кўнглимизга ёқадиган услуб. Ҳар қандай рақибга қарши майдонга тушсак-да, ягона мақсадимиз – ғалаба қозониш.

— Ҳужум чизиғида икки марказий форвард билан ўйнаш рақиб жамоаларни кўпроқ ташвишга солаяптими?
— Менимча, ундай эмас. Биз ҳар қандай вазиятда ҳам вазмин ва хотиржам ҳаракат қилишга ҳаракат қиламиз. Артём билан майдонда бир-биримизни яхши англаяпмиз, доим мулоқот қилиб турибмиз. Лекин биз учун у ёки бошқа футболчи билан ўйнашда катта фарқ йўқ, чунки барчамиз ҳар доим тайёрмиз.

— Артём Довбик билан ўйнаш сиз учун қандай таассурот қолдирмоқда?
— Иккимиз ҳам табиий ҳужумчилармиз. Ҳар иккимиз майдонда қандай ўйнаш ва қандай ҳаракат қилишни жуда яхши биламиз. Бунинг натижасида ишимиз ҳам сезиларли даражада енгиллашяпти.

— Бир-бирингизни майдонда сўзсиз тушуниш пайдо бўлдими?
— Ҳа, бу борада муаммо йўқ, биз бир-биримизни кўз билан ҳам тушунишимиз мумкин.

— "Рома"нинг бу мавсумги муваффақиятининг асосий сири нимада, деб ўйлайсиз?
— Агар буни айтсам, сир бўлмай қолади-да (кулади). Менимча, ҳамма нарса ўз қўлингизда. Майдонга тушиб бор кучингиз билан ҳаракат қилинг, қолгани кейин келади. "Рома"даги муваффақиятнинг сири ҳам мана шунда.

— Бош мураббий Клаудио Раньери ҳақида қандай фикрдасиз?
— Раньери ажойиб инсон ва кучли мураббий. Унинг талабларини яхши тушунаман ва уларни тўлиқ бажариш учун майдонда ҳаракат қиламан.

Эслатиб ўтиш жоизки, Элдор Шомуродов бу мавсумда А Серия, Италия кубоги ҳамда Европа лигасида жами 34 та баҳсда майдонга тушиб, ўз ҳисобига 7 та гол ва 5 та голли узатмани ёздириб қўйган.

Ҳозирда “Рома” мавсумни юқори ўринларда якунлаш учун ҳал қилувчи учрашувларга тайёргарлик кўрмоқда. Римликларнинг кейинги рақиблари “Аталанта”, “Милан” ва “Торино” бўлади. Элдор Шомуродовнинг эса кейинги учрашувларда ҳам жамоасига муҳим ёрдам кўрсатиши кутилади.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Элдор Шомуродов: «Довбик билан майдонда бир-биримизни кўз билан тушуняпмиз»
-->