
Испаниянинг «Реал Мадрид» клуби ҳужум чизиғидаги ёрқин истеъдодларидан бири – бразилиялик футболчи Родриго Гоэсни сотиш бўйича қарор қабул қилди. Мадридликлар футболчи трансфери учун камида 100 миллион евро миқдорида таклиф кутишмоқда. Бу ҳақда Испаниянинг Relevo нашри хабар тарқатди.
Маълумотларга кўра, «Қироллик клуби» раҳбарияти жорий мавсум якунланганидан кейин Родригони трансферга қўйишга қарор қилган. Бунга сўнгги икки йилда жамоага суперюлдузлар Килиан Мбаппе ва Жуд Беллингем каби юқори даражали футболчилар келиб қўшилгани сабаб бўлган. Шунинг натижасида 24 ёшли бразилиялик ҳужумчи жамоанинг асосий таркибидан секин-аста четга чиқиб, иккинчи планга тушиб қолди.
Ҳозирда «Реал»нинг ҳужум чизиғи Килиан Мбаппе, Жуд Беллингем ҳамда Винисиус Жуниордан ташкил топган. Бу учликнинг юқори формада бўлиши ва бир-бирини яхши тушуниши Родригони асосий таркибдан бенасиб қолдирмоқда. Ҳаттоки, кўпчилик футбол ишқибозлари ҳамда экспертлар мадридликларни бу учликсиз тасаввур қила олмай қолган.
Эслатиб ўтамиз, Родриго Гоэс «Реал»га 2019 йилда Бразилиянинг «Сантос» клубидан келиб қўшилган эди. Ўтган вақт мобайнида Родриго Чемпионлар лигаси, Ла Лига ва Испания Кубоги каби муҳим турнирларда мадридликлар сафида кўплаб муҳим голларни киритиб, клубнинг севимли футболчиларидан бирига айланган.
Бироқ, жорий мавсумда вазият ўзгарди. Ҳозирги бош мураббий Карло Анчелотти ҳамда унинг ўрнига келиши кутилаётган Хаби Алонсо Родригонинг асосий таркибдаги ролини кафолатлай олмаяпти. Шу сабабли бразилиялик футболчи ўзининг келажаги ҳақида жиддий ўйлашни бошлади.
Маълум бўлишича, Родригонинг хизматларига Англиянинг икки етакчи клуби – «Манчестер Сити» ва «Арсенал» жиддий қизиқиш билдирмоқда. Ҳар икки клуб ҳам Родригони ўз сафига қўшиб олиш учун рақобатга киришади ва «Реал»нинг талабларини бажаришга тайёр экани айтилмоқда.
«Манчестер Сити» бош мураббийи Хосеп Гвардиола бразилиялик футболчининг кўп функцияли ҳужумчи сифатида жамоасига мос келишига ишонади ва уни келгуси мавсум учун асосий трансфер мақсадларидан бири қилиб белгилаган.
Айни пайтда Родригонинг ўзи қарор қабул қилишга шошилмаяпти ва жамоанинг янги бош мураббийи бўлиши кутилаётган Хаби Алонсонинг келишини сабрсизлик билан кутмоқда. Агар янги мураббий ҳам унга асосий таркибдан кафолатланган жойни тақдим этмаса, бразилиялик футболчи янги таклифларни кўриб чиқишга ва клубини ўзгартиришга тайёр бўлади.
Қандай бўлмасин, ёзги трансфер бозорида Родриго Гоэснинг келажаги борасидаги мавзу энг қизиқ ва муҳим масалалардан бири бўлади. Бу трансфер ўз навбатида Европанинг топ-клублари орасидаги рақобатни янада қиздириб юборадиган кўринади. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар