date
views 196

Кафу: «Анчелотти Бразилия учун тўғри мураббий эмас, у маҳаллий футболчиларни етарлича билмайди»

Кафу: «Анчелотти Бразилия учун тўғри мураббий эмас, у маҳаллий футболчиларни етарлича билмайди»
Бразилия терма жамоасининг собиқ сардори ва афсонавий ҳимоячиси Кафу жамоа бош мураббийлигига номзоди асосий даъвогар бўлиб турган «Реал Мадрид» устози Карло Анчелотти ҳақидаги фикрлари билан ўртоқлашди. Унга кўра, италиялик тажрибали мутахассис Бразилия миллий жамоаси учун энг мақбул танлов бўлмаслиги мумкин.

«Ҳозирги вазият жуда аниқ – миллий жамоамизнинг ўз бошқарувчиси йўқ ва бизга тезроқ малакали мураббий керак. Албатта, Анчелоттининг мураббийлик қобилияти, тажрибаси ва натижалари борлиги ҳаммага маълум. Агар у келиб, жамоадаги вазиятни тўғри йўлга солса, бу ажойиб бўларди. Аммо менда бу борада анча шубҳалар мавжуд», – дея гап бошлади Кафу ESPN телеканалига берган интервьюсида.

Кафу Анчелотти Европа футболидаги ўйинчиларни яхши билишини тан олади, аммо италиялик мутахассиснинг Бразилия чемпионати ва маҳаллий футболчилар ҳақидаги тушунчасига жиддий эътироз билдирмоқда:

«Анчелотти ўз таркибини шакллантиришда фақат Европа чемпионатларида ўйнаётган бразилиялик футболчиларни яхши билади. Ушбу ўйинчиларни қайси ҳолатларда, қайси вазиятларда ва қандай услубда ишлатишни яхши тушунади. Аммо масала фақат бу футболчилар билан чекланмайди-ку!»

«Ўйлаб кўрайлик, Анчелотти ҳақиқатан ҳам Бразилия миллий чемпионати учрашувларини кузатиш учун тонг соат 3-4 да уйғонган ҳолда, "Фламенго" – "Коринтианс" ёки "Сан-Паулу" – "Палмейрас" каби муҳим учрашувларни кўриб чиқишга тайёрми? Умуман олганда, Анчелотти Бразилия футболида содир бўлаётган воқеалардан қай даражада хабардор?» – дея ўз хавотирларини яширмади Кафу.

Бундан ташқари, у терма жамоанинг муваффақияти фақат Европа клубларидаги футболчилар билан боғлиқ эмаслигини, балки Бразилия чемпионатида ҳаракат қилаётган ва ўз маҳоратлари билан ажралиб турган ёш иқтидорларнинг ҳам аҳамияти катта эканлигини таъкидлади.

«Кўпчилик, Анчелотти Бразилия учун идеал танлов, чунки у Европадаги йигитларни яхши билади, дейишмоқда. Аммо маҳаллий чемпионатимизда порлаётган ёшлар нима бўлади? Миллий чемпионатда ажойиб ўйин кўрсатаётган футболчиларга ким эътибор қаратади? Агар биз миллий жамоани тўлиқ кучга айлантиришни истасак, бундай саволларга жавоб беришимиз лозим», – деди Кафу.

Эслатиб ўтамиз, Карло Анчелоттининг Бразилия терма жамоаси бош мураббийи лавозимига тайинланиши ҳақида охирги ойларда кўплаб хабарлар тарқалган эди. Аммо расмий келишув ҳозирча мавжуд эмас ва Анчелоттининг ўзи бу масала бўйича очиқ баёнот берганича йўқ. Бундан ташқари, Анчелоттининг мадридликлар билан амалдаги шартномаси 2026 йилгача давом этади.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Кафу: «Анчелотти Бразилия учун тўғри мураббий эмас, у маҳаллий футболчиларни етарлича билмайди»