date
views 433

Абинур Нуримбет: «Ўзбекистон – юқори техника ва тезлик мактаби, Қозоғистон – янги синов»

Абинур Нуримбет: «Ўзбекистон – юқори техника ва тезлик мактаби, Қозоғистон – янги синов»
«Турон» клубининг иқтидорли футболчиси Абинур Нуримбет ўзининг қисқа, аммо ранг-баранг футболчилик фаолиятида уч мамлакат – Беларусь, Ўзбекистон ва Қозоғистон чемпионатларида ўйнаб кўришга улгурди. 20 ёшли ҳужумкор ярим ҳимоячи ушбу чемпионатларда орттирган тажрибасидан келиб чиқиб, уларни ўзаро таққослаб, ўз таассуротлари билан бўлишди.

«Беларусь футболи мен учун катталар даражасидаги илк тажрибани ҳадя қилди. Ўша ерда мен ёш бўлишимга қарамай, асосий таркибда майдонга тушиш имкониятига эга бўлдим. Беларуслик мутахассислар менга жуда катта ишонч билдириб, фаол равишда қўллаб-қувватлашди. Шу сабабли, ушбу чемпионатни профессионал футболга кириш эшигим деб ҳисоблайман», – дейди Нуримбет.

Ўзбекистон чемпионати ҳақида гапирар экан, Абинур маҳаллий футболчиларнинг юқори техник маҳорати ва тезкор ҳаракатларини алоҳида эътироф этди:

«Ўзбекистонга келганимда, футболчиларнинг маҳоратли техникаси ва тезкорликлари мени ҳайратга солганди. У ердаги ўйинлар кўп жиҳатдан жуда динамик, комбинацион ва юқори суръатли эканини кузатдим. Ўзбекистон менга профессионал футболда муҳим бўлган тез қарор қабул қилиш ва тез ҳаракат қилиш қобилиятларимни оширишга ёрдам берди. Ушбу тажрибам мен учун жуда қимматли бўлиб қолди».

Айни пайтда Нуримбет ўзининг янги синови – Қозоғистон чемпионати ҳақида фикр билдиришга ҳали эрта деб ҳисобламоқда. «Турон» жамоасидаги фаолиятини бошлаган футболчи ҚПЛда ҳозирча саккизта учрашувда иштирок этган ва асосий таркибнинг ажралмас бир бўлагига айланиб улгурди.

«Қозоғистон чемпионати ҳақида ҳозирча аниқ гап айтиш қийин, чунки мавсум яқиндагина старт олди ва мен ҳали жамоа билан тўлиқ мослашиб олганим йўқ. Аммо ушбу лиганинг салоҳияти юқори эканига шубҳам йўқ. Янги чемпионатда ўзимни янада кўпроқ кўрсатишга интиламан», – деб қўшимча қилди Абинур.

Эслатиб ўтамиз, Абинур Нуримбет Ўзбекистоннинг «Андижон» клубида ҳам бир муддат ўйнаган эди. 2024 йилда «бургутлар» таркибида олтита учрашув ўтказган ёш иқтидор эгаси, қисқа вақт ичида маҳаллий мухлисларнинг эътиборига тушишга ҳам улгурганди.

Айни дамда футболчи Қозоғистонда ўзига бўлган ишончни оқлаш ва «Турон» жамоасига фойдали бўлиш учун бор кучини сарфлашга тайёрлигини таъкидлади.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Абинур Нуримбет: «Ўзбекистон – юқори техника ва тезлик мактаби, Қозоғистон – янги синов»