date
views 158

“Рома”ни Европага етаклаётган дуэт: Шомуродов ва Довбик тандемидан хавотирланиш вақти келди!

“Рома”ни Европага етаклаётган дуэт: Шомуродов ва Довбик тандемидан хавотирланиш вақти келди!
Жорий мавсумнинг иккинчи ярмида “Рома” жамоасига ўзгача руҳ кирди. Мавсум бошида Европа Чемпионлар лигаси ҳақида фақат орзу қилинаётган бир пайтда, Клаудио Раньери қўл остидаги жамоа ўзини бутунлай бошқача намоён эта бошлади. Бунга сабаб, шубҳасиз, Элдор Шомуродов ва Артём Довбикдан иборат ҳужум дуэтининг самарали ўйини бўлмоқда.

Италия матбуотидаги таҳлилларга кўра, “Рома” жамоаси Раньери бошчилигида 19 учрашувдан иборат мағлубиятсиз серия қайд этди — шундан 14 та ғалаба ва 5 дуранг. Ушбу натижалар ортидаги асосий кучи — Шомуродов ва Довбик дуэти эканига мутахассислар тобора кўпроқ ишонмоқда.

Италиянинг La Repubblica нашрида “Рим Шомуродов ва Довбик билан Европага яқинлашмоқда” сарлавҳаси остида чоп этилган мақолада айнан “Фиорентина”га қарши баҳсдаги ғалабани келтирган ягона тўп — айнан мана шу дуэтнинг ҳамкорлиги орқали амалга ошгани қайд этилди. Ўзбек ва украин легионерлари биргаликда жамоанинг олдинги чизиғини қайта қуриб, унга янги ҳаёт бағишлашди.

Шомуродов майдонда эркин ҳаракат қилиш, бўш ҳудудлар яратиш ва рақиб ҳимоячиларини чалғитиш бўйича улкан ишларни амалга оширмоқда. Унинг ҳаракатлари Довбик сингари жисмонан кучли ҳужумчи учун катта имкониятлар эшигини очиб бермоқда. Натижада — ғалабалар, очколар ва Европа Чемпионлар лигаси йўлланмаси учун реал имконият.

Шомуродов ва Довбик бугунги кунгача бирга майдонда 350 дақиқадан ортиқ ўйнашга улгуришди. Бу даврда тўртта самарали ҳаракат, жамоа очколарини ҳал қилган голлар ва ассистлар қайд этилди. Фақат сўнгги бешта турда Элдор икки гол ва икки ассист билан жамоанинг асосий фигураларидан бирига айланди.

Элдор “Ювентус”га қарши учрашувдаги муҳим голи орқали жамоасини мағлубиятдан қутқарди. Кейин “Верона” билан баҳсда ягона тўпни киритиб, “Рома”нинг Чемпионлар лигаси учун курашини жонлантирди. “Интер”га қарши ўйинда Матиас Сулега, “Фиорентина”га қарши баҳсда эса Довбикка тўп узатган ҳолда, Элдор ўйин тақдирини ҳал қилувчи шахсга айланди.

Умумий ҳисобда Шомуродов жорий мавсумда барча мусобақаларда 34 марта майдонга тушиб, жами 7 та гол ва 5 та голли узатма муаллифи бўлди. Унинг ҳаракатлари нафақат рақиблар, балки “Рома”нинг ўз мухлислари томонидан ҳам катта эҳтиром билан кузатилмоқда.

Клаудио Раньери энди Шомуродов ва Довбик дуэтини майдонда бирга кўпроқ ишлатишига ҳеч қандай шубҳа қолмади. Жамоа ҳужумда ҳаётий хавф яратишни бошлаган ва бунда асосий “қурол” — 9 ва 99 рақамлар бўлиб турибди.

Келаси учрашувлардан нимани кутамиз? Яна ғалабалар, яна дуэтнинг самарали ҳаракатлари ва, эҳтимол, “Рома”ни Европа Чемпионлар лигасига олиб чиқадиган юлдузли мавсум!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » “Рома”ни Европага етаклаётган дуэт: Шомуродов ва Довбик тандемидан хавотирланиш вақти келди!