
Мадриднинг “Реал” клуби дунё футболида ўзининг юқори талаблари ва шиддатли ички рақобати билан ажралиб туради. Ҳар мавсумда топ-клубларнинг энг яхши ўйинчилари билан таркибини кучайтирадиган “қаймоқранглилар”да ўз тарбияланувчилари учун биринчи жамоадан жой топиш ҳар доим қийин масала бўлиб келган. Ана шундай иқтидорли футболчилардан бири бўлган 21 ёшли ҳужумчи Гонсало Гарсия ҳам айнан шу муаммо билан юзма-юз турибди.
Мадридлик ёш ҳужумчи Гонсало Гарсия сўнгги мавсумларда асосан ёшлар лигасида ўз маҳоратини намойиш этиб келмоқда. Гарсия бу турнирда ажойиб кўрсаткичларни қайд этиб, 34 учрашувда рақиб дарвозаларини 24 марта ишғол қилди. Бундай самарадорлик кўплаб экспертларнинг диққатини тортган ва Гонсало тез орада “Реал”нинг асосий жамоасида ҳам ўзини кўрсатади деган умид уйғотган эди.
Аммо реалликлар таркибидаги катта рақобат, Карло Анчелотти жамоасида ҳужум чизиғининг машҳур юлдузлар билан тўла эканлиги туфайли Гонсалога асосий таркибдаги имкониятлар чекланган бўлиб қолди. Ҳужумчи шу вақтга қадар асосий таркиб билан фақат битта ўйинда майдонга тушди – у Испания кубоги доирасидаги "Леганес"га қарши учрашувда саккиз дақиқа давомида ўйнаганига қарамасдан, муҳим гол муаллифи бўлишга муваффақ бўлди ва “Реал”нинг 3:2 ҳисобидаги ғалабасига ҳисса қўшди.
Бу кўрсаткичларга қарамасдан, Гарсия ўзининг асосий жамоага кириш имкониятларидан умидини узган ва келажагини бошқа клубларда кўрмоқда. "Marca" нашрининг маълум қилишича, Гонсало юқори даражадаги футболда мунтазам иштирок этиш учун клубни тарк этишга қарор қилган ва янги жамоа излаш жараёнини бошлаган.
Унинг иқтидорига қизиқиш билдирган клублар сони оз эмас. Айниқса, Испания Ла Лигасининг бир нечта жамоалари Гонсало Гарсияга жиддий қизиқиш билдирмоқда ва ҳужумчининг трансфери бўйича музокаралар бошланиши кутилмоқда. Айнан шу жиҳат Transfermarkt портали томонидан 5 миллион еврога баҳоланаётган футболчининг келажакдаги тақдирини тез орада ҳал қилиши мумкин.
Гонсало Гарсия ва “Реал” ўртасидаги амалдаги шартнома 2027 йилнинг ёзига қадар имзоланган бўлса-да, унинг ушбу шартномани муддатидан аввал бекор қилиб, бошқа клуб билан шартнома имзолаш эҳтимоли жуда юқори.
Ҳозирча Гонсалонинг қайси клубни танлаши номаълум бўлиб қолмоқда. Аммо шубҳасизки, бу иқтидорли ёш ҳужумчи янги жамоада мунтазам равишда асосий таркибда майдонга тушиш ва ўз карьерасини янги босқичга кўтариш имкониятига эга бўлади.
Ҳар қандай ҳолатда ҳам, Гонсало Гарсия каби иқтидорларнинг мунтазам ўйин амалиётига эга бўлиши ва ўз салоҳиятини намоён қилиши учун "Реал" каби топ-клублардан бошқа клубларга ўтишлари футбол оламидаги одатий ҳолат ҳисобланади. Бу йўл орқали Гарсия каби ёш ўйинчилар катта футболда ўз номларини тарихга муҳрлаш имкониятига эга бўладилар. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар