date
views 68

Ўзбекистонда Ҳакамлар академияси ўз фаолиятини бошлади

Ўзбекистонда Ҳакамлар академияси ўз фаолиятини бошлади
Ўзбекистон футбол ҳакамлиги тизимини янги босқичга олиб чиқиш, ёш ҳакамларнинг назарий билимлари ва амалий тажрибасини ошириш мақсадида Ўзбекистон футбол ассоциацияси томонидан Ҳакамлар академияси ташкил этилди.

Бугун “Чиғатой” спорт базасида ЎФА раҳбарияти, тажрибали инструкторлар ҳамда истиқболли ёш ҳакамлар иштирокида академиянинг расмий очилиши муносабати билан учрашув бўлиб ўтди. Унда иштирокчиларга академиянинг асосий вазифалари, ўқув дастурлари ҳамда ёш ҳакамлар учун яратилган имкониятлар ҳақида батафсил маълумот берилди.

ЎФА биринчи вице-президенти Равшан Эрматов ўз нутқида ушбу лойиҳа нафақат юртимизда, балки минтақада ҳам футбол ҳакамлигининг тараққиётида муҳим ўрин эгаллашини таъкидлаб ўтди. Шунингдек, илгари амалга оширилмаган бу ташаббус мамлакатимиз ҳакамлик тизимини жаҳон стандартларига мослаштиришга хизмат қилишини айтиб ўтди.

“Футбол ҳаками ҳар бир қоида, ҳар бир тафсилотни мукаммал билиши, доимо ўз устида ишлаши зарур. Ҳакамлик – бу нафақат билим, балки фидойилик ва юксак масъулиятни талаб қиладиган касб”, деди Равшан Эрматов.

Ҳакамлар академияси ёш мутахассисларга халқаро майдонларда ўйинларни бошқариш учун зарур бўлган кўникма ва малакаларни шакллантиришда, уларнинг касбий ривожида муҳим роль ўйнаши кутилмоқда. Бу эса ўз навбатида ўзбек футболининг нуфузи ва сифати ошишига хизмат қилади.

Янги Академия нафақат ўқув маркази, балки ёш ҳакамлар учун тажриба алмашиш, таҳлил қилиш ва доимий ўсиш учун имконият тақдим этади.

Эслатиб ўтамиз, академиядаги таълим жараёни 6 та модулдан иборат бўлиб, амалий машғулотлар орқали саралаб олинган 25 нафар ҳакамлар 6–12-май кунлари ўқув курсининг 1-модулида иштирок этишади. Ўқув курсларини муваффақиятли якунлаган ҳакамлар Биринчи лига, Пролига, Суперлига ва ОФК таснифидаги турнирларни бошқариш учун тавсия этилади.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Ўзбекистонда Ҳакамлар академияси ўз фаолиятини бошлади