
Туркия футболида сўнгги йилларда порлаётган ёш юлдуз — Арда Гюлер ўз ҳаётидаги энг муҳим қарорлардан бири бўлган “Реал Мадрид”га ўтиш жараёнини батафсил ёдга олди. Унинг айтишича, бу қарор нафақат футболь жиҳатдан, балки шахсий ҳаётида ҳам туб бурилиш ясаган.
2023 йил ёзида “Фенербахче” сафидан мадридликлар жамоасига қўшилган Арда, ўша вақтда Туркия терма жамоасига чақирилганидан сўнг бир неча машҳур клублардан таклифлар олганини айтади. Аммо у фақат қалбини титратган ва ичида гўё нур ёққан таклифгагина жавоб беришга қарор қилган.
“Бир куни отам менга: “Сен билан бир таклиф ҳақида гаплашишимиз керак”, деди. Мен эса: “Менга ҳар қандай таклифни айтма, агар у жуда катта аҳамиятга эга бўлмаса”, деб жавоб қилдим. Шунда отам: “Арда... бу – Реал Мадрид”, деди”, – дейди Арда Гюлер.
Бу сўзлар уни ларзага солган: “Бу орзу эди. Биз отам билан кўп ўйладик. Кетишга ҳали эрта эмасми? Чунки яна кўплаб катта жамоалардан таклифлар бор эди”, – деб эслайди у.
Аммо вазиятни тубдан ўзгартирган ҳал қилувчи палла — жамоа бош мураббийи Карло Анчелотти билан "FaceTime" орқали амалга ошган суҳбат бўлди.
“Экранимда у пайдо бўлганида гавайи кўйлакда, қуёш кўзойнагида эди — эҳтимол, сигара ҳам бор эди. У жуда самимий тарзда гап бошлади: “Арда, бу ерда сени буюк келажак кутаётганига ишон. Балки биринчи йили эмас, лекин имкониятлар бўлади. Модрич ва Кроос фаолиятини якунлаганида, сен майдонда уларнинг ўрнини эгаллайсан”, – деб айти.
Гюлер эътироф этишича, Модрич ва Кроос сингари футбол афсоналари билан бир сафда тилга олиниш унинг учун ҳақиқий шараф бўлган ва суҳбат пайтида ҳатто сўз тополмаган.
“Анчелотти мендан сўради: “Арда, ваъда бер, сен Мадридга келасан. Ваъда бер”. Мен эса: “Албатта, жаноб”, дедим. Кейин у қўшимча қилди: “Яна гаплашамиз. Ҳозир хотиним олдига қайтишим керак”, деди. Ҳаха. Шунда мен “қўшимча вақт” тугаётганини ҳис қилгандек бўлдим. Суҳбат тугаши билан отамга қарадим ва биз қарорни қабул қилдик.”
Арда Гюлернинг таъкидлашича, “Реал Мадрид” футболчиси сифатида тақдим этилган пайт — унинг учун ҳақиқий тўй каби эсда қолди. Унинг шартномаси 6 йиллик бўлса-да, бу муносабат бутун ҳаётга тенгдек туюлади.
“Онажоним йиғлаганида, кўз ёшларини артиб, уни юзидан ўпдим. Биз бу ергача етиб келиш учун жуда кўп нарсалардан воз кечдик. Энди орзумиз рўёбга чиқди. Менда "PlayStation"да Алекс Хантер сифатида ўйнашга пул йўқ эди. Шунинг учун мен у каби футболчи бўлишга ҳаётда ҳаракат қилдим,” – деб самимий тарзда сўзини якунлади Гюлер.
Зеро, футболдаги энг гўзал воқеалар нафақат голлар ва чемпионликлар, балки инсоннинг қалбини югуртирадиган орзулар рўёбидир. Арда Гюлер эса бу йўлдаги илк қадамни тўп эмас, балки юрак билан босди. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар