
11 май куни Испания Ла Лигасининг 35-турида бутун жаҳон эътиборида бўладиган машҳур «Эл Класико» ўйини бўлиб ўтади. Унда «Барселона» ўз майдонида ашаддий рақиби – «Реал Мадрид»ни қабул қилади. Ушбу муҳим баҳс арафасида каталонияликлар бош мураббийи Ханс-Дитер Флик жамоасининг ҳозирги аҳволи ва бўлажак баҳс ҳақида ўз фикрларини очиқлади.
«Интер»га қарши Чемпионлар Лигасидаги оғриқли мағлубиятдан сўнг, жамоадаги вазият яхшиланди. Биз албатта, осон бўлмаслигини яхши тушунамиз, аммо айни пайтда вазиятни тўғри йўлга қўйиш ва мақсадларга эришиш учун барча чораларни кўряпмиз. Биз нимани хоҳлаётганимизни аниқ биламиз ва буни майдонда исботлашимиз керак. Ҳозир биз учун фақат «класико» муҳим, чунки бу жамоанинг руҳияти учун катта аҳамиятга эга», – деди Флик.
Германиялик мутахассис асосий таркибга оид бир қатор саволларга ҳам жавоб бериб ўтди:
«Менимча, Роберт Левандовски ва Алехандро Бальдени бошиданоқ асосий таркибда майдонга туширишим қийин. Ҳозирча уларнинг ҳолати ҳақида тўлиқ ишончим йўқ. Шу билан бирга, Жерар Мартин ва бошқа футболчилар жуда яхши формада эканини кўрсатишяпти. Олдинда яна учта муҳим баҳс бор ва эҳтимол, Левандовски ва Бальде иккинчи бўлимда майдонга туширилар».
Флик, шунингдек, Чемпионлар Лигасидан чиқиб кетгандан кейин жамоада пайдо бўлган психологик ҳолат ҳақида ҳам тўхталиб ўтди:
«Бундай ҳолатларда футболчилар билан очиқ гаплашиш, уларнинг руҳиятини тиклаш ва кейинги мақсадлар ҳақида фикр алмашиш жуда муҳим. Биз ҳам шундай қилдик. «Эл Класико» – бу оддий ўйин эмас, унда 100 фоиз куч билан майдонга тушиш зарур. Биз фаол ўйнашни, тўпни назорат қилишни ва мухлисларимизнинг қўллаб-қувватлашидан максимал даражада фойдаланишни истаймиз. Бу жуда муҳим», – деб қўшимча қилди мураббий.
Мураббийнинг таъкидлашича, «Реал Мадрид»нинг жуда кучли жамоа эканини тан олган ҳолда, «Барселона» фақат ғалаба учун майдонга тушади:
«Рақибимизнинг кучини инкор этмайман, «Реал» – ажойиб ва фантастик жамоа. Бироқ биз ўз уйимизда ўйнаяпмиз ва ўз мухлисларимиз олдида ғалаба қозонишни истаймиз. Агар футболчилардан сўрасангиз, улар ҳар қандай вазиятда ҳам «класико»да ғалаба қозонишни хоҳлашади. Бу ўйиннинг натижаси биз учун принципиал аҳамиятга эга, турнир жадвали ва мавсумдаги вазият ҳозирча муҳим эмас. Биз фақат шу баҳсга диққатни қаратганмиз ва ғалаба учун бор кучимизни сарфлашга тайёрмиз», – дея сўзини якунлади Флик.
Эслатиб ўтамиз, «Барселона» ва «Реал Мадрид» ўртасидаги «Эл Класико» 11 май куни «Камп Ноу» стадионида бўлиб ўтади. Ушбу ўйин натижаси мусобақа жадвалидаги ҳолатни сезиларли даражада ўзгартириши мумкин. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар