date
views 2 888

Муҳаммадали Ўринбоев: «Европага қайтадиган вақт келди, мухлисларга яхши янгиликлар тайёрлаяпман»

Муҳаммадали Ўринбоев: «Европага қайтадиган вақт келди, мухлисларга яхши янгиликлар тайёрлаяпман»
Ўзбекистон Суперлигасининг 9-туридан ўрин олган "Пахтакор" – "Бухоро" учрашувида мезбонлар йирик ҳисобда (6:0) ғалаба қозонишди. Ўйиндан сўнг «шерлар»нинг ярим ҳимоячиси Муҳаммадали Ўринбоев ўйин ва шахсий келажаги ҳақида ўз фикрлари билан ўртоқлашди.

«Учрашувнинг дастлабки дақиқалари биз учун анча мураккаб кечди. Ўйинга тез мослашиб кетиш осон бўлмади. Бўлиб ўтган воқеага ўзингиз гувоҳ бўлдингиз, рақибимиз «Бухоро» илк голни урди, бироқ ҳакамлар видеотакрор орқали уни бекор қилишди. Бу воқеадан кейин бироз муддат ўзимизни тиклашимиз керак бўлди. Биринчи голимиздан кейин эса жамоамиз ўзини эркин ҳис қилиб, тўлиқ ҳужумкор ўйинга ўтдик ва натижада йирик ҳисобда ғалаба қозондик», – деди Ўринбоев.

20 ёшли футболчи ўйин давомида ўзи урган голлар ва кўрсатган ўйинидан мамнунлигини таъкидлади:

«Албатта, гол урганим ва мухлисларимизни хурсанд қилганимдан мамнунман. Майдонда ўзимдан кутилаётган ўйинни кўрсатиш мен учун жуда муҳим эди. Бироқ бунда янги бош мураббийнинг таъсири бўлганини айтмаган бўлардим. Чунки майдонга тушган ҳар бир ўйинчининг вазифаси – ўз иқтидори ва маҳоратини намоён этиб, жамоанинг ғалабасига ҳисса қўшишдир. Ғалаба билан мухлисларимизни чин дилдан табриклайман ва уларнинг қўллаб-қувватлаши биз учун доим муҳим», – дея қўшимча қилди Муҳаммадали.

Шунингдек, ярим ҳимоячи кейинги турдаги "Насаф"га қарши беллашув ҳақида ҳам тўхталиб ўтди:

«Футбол доимий равишда бир хил натижага эришиб юрадиган спорт эмас. Ҳар бир ўйинда янги муаммолар ва қийинчиликларга дуч келиш мумкин. Ҳозирда тайёргарлигимиз юқори даражада. Олдимизда «Насаф»га қарши жиддий баҳс бор ва ушбу учрашувда ҳам фақат ғалаба учун майдонга тушамиз».

Муҳаммадали Ўринбоевнинг айтишича, у яқин келажакда яна Европа майдонларига қайтиш ҳақида ўйлаяпти ва бу ҳақда яқин орада мухлисларни яхши хабарлар билан хушнуд қилиши мумкинлигини билдирди:

«Яна Европага қайтишим мумкинми? Худо хоҳласа, шу йўналишда меҳнат қилиб, шу каби натижаларни давом эттирсам, яхши янгиликлар бўлиб қолади. Ҳозир асосий мақсад – яна Европа клубларида ўзимни синаб кўриш», – дея мухлисларга хушхабар беришдан бош тортмади футболчи.

Zamin.uz таҳририяти Муҳаммадали Ўринбоевга келажакдаги фаолиятида катта муваффақиятлар ва янги ғалабалар тилайди.

Манба: championat.asia
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Муҳаммадали Ўринбоев: «Европага қайтадиган вақт келди, мухлисларга яхши янгиликлар тайёрлаяпман»