date
views 457

Абдуқодир Ҳусановга нима бўлди? Гвардиола ўзбек футболчисини нега ўйнатмаяпти?

Абдуқодир Ҳусановга нима бўлди? Гвардиола ўзбек футболчисини нега ўйнатмаяпти?
Ўзбекистонлик иқтидорли футболчи Абдуқодир Ҳусановнинг «Манчестер Сити»даги тақдири сўнгги ой давомида футбол мухлислари орасида турли савол ва тахминларни келтириб чиқармоқда. Хосеп Гвардиола бошчилигидаги жамоада ажойиб бошланишга эришган футболчи, март ойидан бери асосий таркибда умуман кўриниш бермаяпти. Бу вазият нафақат ўзбекистонлик мухлислар, балки «шаҳарликлар»нинг бутун дунё бўйлаб миллионлаб ишқибозларида ҳам савол туғдирмоқда.

Ҳусанов сўнгги марта 30 март куни Англия кубоги чорак финалида «Борнмут»га қарши учрашувда иштирок этган эди. Ўша баҳснинг иккинчи бўлимида ўз ўрнини жамоадоши Нико О‘Райлига бўшатиб берган ҳамюртимиз, шу вақтдан бошлаб асосий таркибдаги жойини тўлиқ йўқотди.

Бу вазият бўйича Хосеп Гвардиола изоҳ бериб, ички рақобат кучли эканини ва жамоада ҳозирда Нико О‘Райлининг чап қанотда самарали ҳаракат қилаётганини қайд этди. Шунингдек, Рубен Диаш ва ҳимоя марказига кўчган Йошко Гвардиолнинг беғубор ҳаракатлари ҳам бу қарорга сабаб бўлганини таъкидлади.

Мутахассислар ва экспертлар эса Абдуқодир Ҳусановнинг ўйнамаслик сабаблари ҳақида ўз қарашларини билдиришди.

Жумладан, «ManchesterCity.news» сайти мутахассиси Даррен Луни мазкур вазият бўйича бир неча эксперт ва манбаларнинг фикрларини эълон қилди.

Дион Дублин:
«Абдуқодир Ҳусановнинг «Манчестер Сити»даги ҳаёти, албатта, осон кечмаяпти. У янги муҳит ва янги чемпионатга кўникиш учун бор кучини сарфламоқда. Ҳозирда жамоадоши бразилиялик Витор Рейс билан яхши алоқа ўрнатган ва бу дўстлик унинг жамоага мослашувини тезлаштирмоқда. Умид қиламизки, келгуси мавсумда Ҳусанов ўзининг ҳақиқий иқтидорини кўрсатади ва мухлисларни хурсанд қилади».

Daily Mail:
«Ҳусановнинг ўйнамаётганига сабаб сифатида, «Ланс»даги сўнгги ойлардаги машғулотларнинг етишмаслиги кўрсатилмоқда. Бунинг сабаби Франция чемпионатидаги қишки танаффус ҳамда трансфер олди жараёнларда Ҳусановнинг жамоавий машғулотларда қатнашмагани билан боғлиқ. Қўшимчасига, Нико О'Райли чап қанотда ажойиб ҳаракат қилмоқда ва Гвардиола тўрт ҳимоячи билан натижага урғу берган тактика танлагани учун Ҳусанов асосий таркибдан чиқиб қолган. Энди унинг олдида келаси мавсум учун ўзини яна бир бор исботлаш вазифаси турибди».

Рой Кин:
«Бу каби қийинчиликлар футболчилар фаолиятида кўп учрайди. Абдуқодир Ҳусанов – иқтидорли ва истиқболли футболчи. Ушбу мураккаб босқичдан кейин унинг фаолияти яна ўз изига тушиб кетишига ишонаман».

Экспертларнинг таъкидлашича, Гвардиола мавсумнинг ҳал қилувчи палласида асосан натижага ишлаяпти ва шу сабабдан ҳам асосий таркибда ўзгаришларга қўл урмаяпти. Бу эса Ҳусановга ўзига ишончни мустаҳкамлаш, инглиз тилини янада яхшироқ ўрганиш ва мураббийнинг талабларини чуқурроқ англаб етиш учун қулай имконият яратмоқда.

«Манчестер Сити» раҳбарияти Ҳусановни ноёб иқтидор эгаси деб ҳисоблайди ва унинг жамоадаги келажагига ишонч билдирмоқда. Ҳозирги вазиятнинг ижобий томонга ўзгариши фақат вақт масаласи бўлиб қолмоқда.

Zamin.uz таҳририяти ҳамюртимиз Абдуқодир Ҳусановга ушбу қийинчиликларни енгиб ўтиб, ўзининг энг яхши ўйинларини яна намойиш этишини тилаб қолади.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Абдуқодир Ҳусановга нима бўлди? Гвардиола ўзбек футболчисини нега ўйнатмаяпти?