
Польшанинг пойтахти Варшавада бокс бўйича World Boxing ташкилоти кубогининг иккинчи босқичи старт олди. 10—17 май кунлари Варшавадаги машҳур COS Торwar спорт аренасида бўлиб ўтаётган ушбу нуфузли мусобақада Ўзбекистон терма жамоаси 9 нафар маҳоратли чарм қўлқоп устаси билан иштирок этмоқда.
Эслатиб ўтамиз, терма жамоамиз қуйидаги таркиб билан майдонга тушган:
-55 кг: Миразизбек Мирзаҳалилов
-60 кг: Самандар Олимов
-65 кг: Асадхўжа Мўйдинхўжаев
-70 кг: Гофур Тоҳиров
-75 кг: Фазлиддин Эркинбоев
-80 кг: Жавоҳир Умматалиев
-85 кг: Акмалжон Исроилов
+92 кг: Жаҳонгир Зокиров
Аёллар ўртасида -57 кг: Хуморабону Мамажонова
Кеча, 12 май санасида Ўзбекистон бокс термаси аъзолари халқаро майдондаги иштирокига муваффақиятли старт беришди. Мазкур кун давомида 3 нафар ўзбекистонлик боксчи рингга кўтарилиб, рақибларига имконият қолдирмади ва йирик ғалабаларни қайд этди.
Энг аввал -60 кг вазн тоифасида жанг олиб борган Самандар Олимов мезбон давлат вакили Майкл Акото-Ампав билан куч синашди. Самандар жангни жуда ишончли тарзда олиб бориб, барча ҳакамларнинг якдил қарори билан 5:0 ҳисобида ғолибликни қўлга киритди ва чорак финалга йўл олди.
Шундан сўнг -65 кг вазнда ўз омадини синаб кўрган Асадхўжа Мўйдинхўжаев ҳам швециялик рақиби Ҳампус Броманга қарши рингга чиқди. Асадхўжа рақибига қарши жангни юқори суръатда ўтказиб, ҳар бир раундда аниқ ва кучли зарбалари билан ажралиб турди. Натижада, ҳакамларнинг бир овоздан чиқарган қарор билан 5:0 ҳисобида ғалаба қозониб, кейинги босқичга йўлланма олди.
Кечанинг энг таъсирли ва мухлисларни лол қолдирган жангларидан бири оғир вазн (+92 кг) тоифасида майдонга чиққан Жаҳонгир Зокировнинг баҳси бўлди. У поляк рақиби Оскар Коперага қарши кескин ва шиддатли жанг намойиш этиб, иккинчи раунднинг ўзида техник нокаут орқали ишончли тарзда ғалаба қозонди ва ўзининг мусобақага жиддий даъвогар эканлигини исботлади.
Маълумот учун, World Boxing ташкилоти томонидан ташкил этилаётган мазкур кубокнинг биринчи босқичи 31 мартдан 5 апрелгача Бразилиянинг Фос-ду-Игуасу шаҳрида бўлиб ўтган эди. Ушбу турнирда Ўзбекистон терма жамоаси ажойиб натижаларга эришиб, умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни эгаллаганди.
Энди эса спортчиларимиз Польшадаги иккинчи босқичда ҳам юқори натижаларни қўлга киритиш учун бор имкониятларини ишга солишмоқда. Терма жамоамизнинг кейинги босқичлардаги иштирокини барча мухлислар катта қизиқиш ва умид билан кузатиб бормоқда.
Zamin.uz таҳририяти ўзбек боксчиларига ушбу мусобақада ғалаба ва омад ёр бўлишини тилаб қолади! «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар