
Мадриднинг «Реал» клубини қабул қилишга тайёргарлик кўраётган испаниялик мураббий Хаби Алонсо жамоа таркибини қайта шакллантириш бўйича режаларини бошлаб юборди. У ўзининг ўйин услубига мос келадиган футболчиларни танлашга киришди. Бу ҳақда COPE нашри маълум қилди.
Хаби Алонсо биринчи навбатда ҳужум чизиғидаги бўшлиқни тўлдириш учун маълум бир талабларни белгилаб қўйган. Мутахассиснинг фикрича, жамоага собиқ «Реал» ҳужумчиси Хоселуга ўхшаш, бўйи баланд ва жисмоний жиҳатдан кучли форвард зарур. Бундай футболчи ҳавода самарали ўйнаб, юқори тўплар учун курашларда ғолиб чиқиши ва мунтазам равишда гол уриши талаб қилинади.
Эслатиб ўтамиз, 35 ёшли испаниялик ҳужумчи Хоселу 2023-2024 йиллар давомида «Қироллик клуби» шарафини ҳимоя қилган ва жами 51 та расмий учрашувда 19 та гол уришга муваффақ бўлганди. Ҳозирда тажрибали футболчи ўз фаолиятини Қатар чемпионатида давом эттирмоқда.
Бундан ташқари, Хаби Алонсо клуб раҳбариятидан мадридликларнинг собиқ тарбияланувчиси Нико Пасни ортга қайтаришни ҳам сўраган. Ёш ярим ҳимоячи бир йил муқаддам Италиянинг «Комо» клубига 6 миллион еврога трансфер қилинган эди.
Нико Пас Италия А Сериясидаги дебют мавсумида ўзини яхши томонлама кўрсатди. У 33 ўйинда 6 та гол урди ва жамоадошларига 9 марта голли пас узатишга эришди. Унинг самарали ва барқарор ўйинлари натижасида ёш футболчи А Сериянинг энг катта кашфиётларидан бири сифатида эътироф этилди.
Хаби Алонсо клубнинг келажагини қуришда маҳаллий тарбияланувчилар ва тажрибали ҳужумчиларнинг қўшилишини муҳим аҳамиятга эга деб ҳисоблайди. Экспертларнинг таъкидлашича, Хаби Алонсо жамоада ўз ўйин услубини муваффақиятли шакллантириб, мадридликларни янги совринларга етаклаши мумкин.
Яқин вақт ичида клуб раҳбарияти ушбу трансферлар масаласида аниқ қарор қабул қилиши кутилмоқда. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар