date
views 86

Анчелотти Бразилия терма жамоасини қайта тикламоқчи: Неймар ва Каземиро қайтиши мумкин

Анчелотти Бразилия терма жамоасини қайта тикламоқчи: Неймар ва Каземиро қайтиши мумкин
Карло Анчелоттининг “Реал” клубидан кетиши аниқ бўлганидан сўнг, у ўзининг мураббийлик фаолиятини Бразилия миллий терма жамоасида давом эттиришга қарор қилди. 65 ёшли тажрибали италиялик мутахассис бразилиялик юлдуз футболчилар билан алоқага чиқиб, жамоани қайта шакллантиришни бошлади.

Анчелотти янги лавозимга ўтиши биланоқ дарҳол Бразилия терма жамоасининг асосий юлдузи бўлган 33 ёшли ҳужумчи Неймарга қўнғироқ қилди. Мутахассис футболчи билан суҳбатда 2026 йилда ўтказиладиган Жаҳон чемпионатида айнан унга таянишини ва терма жамоага етакчилик қилишни ундан кутаётганини маълум қилди.

Эслатиб ўтамиз, Неймар Бразилия миллий терма жамоасига сўнгги бор 2023 йил куз ойларида чақирилган эди. Шундан кейинги ўйинда у жиддий жароҳат олган ва бу жароҳатдан тўлиқ тикланиши учун бир йилдан кўпроқ вақт сарфлаган. Неймарнинг терма жамоага қайтиши эса миллионлаб мухлислар учун катта умид уйғотмоқда.

Шунингдек, Анчелотти “Манчестер Юнайтед”да ўйнаётган ва сўнгги вақтларда кўплаб танқидларга учраётган собиқ шогирди Каземиро билан ҳам боғланган. Мураббий 34 ёшли тажрибали ярим ҳимоячининг миллий жамоага қайта жалб қилиниши ва унинг бой тажрибасидан фойдаланиш кераклиги ҳақида таъкидлаган.

Каземиро охирги икки йил давомида Бразилия терма жамоасидан чақирув олмаган эди. Бундай ўзгаришлар терма жамоанинг келажакдаги стратегияси ва натижаларига сезиларли таъсир кўрсатиши мумкинлиги тахмин қилинмоқда.

Мураббийлик фаолияти давомида Карло Анчелотти Европанинг турли кучли клубларини бошқариб, кўплаб совринларга эга чиққан. “Реал Мадрид”, “Милан”, “Челси” каби жамоалар билан катта муваффақиятларга эришган италиялик мутахассис энди ўзининг бой тажрибасини Бразилия терма жамоасининг жаҳон аренасидаги обрўсини тиклаш учун ишлатади.

Бразилия терма жамоаси сўнгги йилларда Жаҳон чемпионатларида кутилган натижаларни кўрсата олмагани сабабли, Анчелоттига катта масъулият юклатилмоқда. Шу билан бирга, футбол мухлислари янги мураббий ва қайтиши кутилган юлдузларнинг ёрдамида жамоа ўзининг қадимги буюклигига қайта олишига умид билдирмоқда.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Анчелотти Бразилия терма жамоасини қайта тикламоқчи: Неймар ва Каземиро қайтиши мумкин