
2025 йил Марказий Осиё футболи учун тарихий воқеаларга бой давр сифатида бошланди. Ўзбекистон миллий терма жамоаси марказий ҳимоячиси Абдуқодир Ҳусанов ҳамда Қозоғистоннинг ёш иқтидори Дастан Сатпаев Европанинг машҳур клублари билан шартнома имзолаб, футбол жамоатчилиги эътиборини тортишга муваффақ бўлишди.
Жумладан, 20 январь куни Абдуқодир Ҳусанов Англиянинг машҳур «Манчестер Сити» клуби билан кўп йиллик шартнома тузди. Манчестерликлар ушбу трансфер учун Франциянинг «Ланс» клубига 40 миллион евро тўлаб, қўшимча равишда 10 миллион евро бонус ҳам тўлашга рози бўлди.
Кўп ўтмай яна бир трансфер янгилиги пайдо бўлди. Қозоғистоннинг «Қайрат» клубида тарбияланган 16 ёшли Дастан Сатпаев Лондоннинг машҳур «Челси» жамоаси билан шартнома имзолади. Инглиз клуби ушбу иқтидорли ҳужумчи учун 4,3 миллион евро сарфлади. Бироқ, Сатпаев 18 ёшга тўлгунига қадар тажрибасини орттириш учун ўзининг аввалги клуби «Қайрат»да қоладиган бўлди.
Бу трансферлар ортидан футбол экспертлари ва мухлислари орасида икки ёш истеъдодни ўзаро таққослаш ва баҳолаш бошланиб кетди. Қозоғистон миллий терма жамоаси бош мураббийи вазифасини бажарувчи Али Алиевнинг Дастан Сатпаевни Франция ва Англияда ўзини кўрсатган Абдуқодир Ҳусановдан устун деб баҳолагани кўплаб баҳс ва мунозараларга сабаб бўлди.
«Мен Дастанни Ҳусановдан кучлироқ, деб ҳисоблайман. Унинг генетикасига қаранг, бу ҳақиқий атлет. Уни Европанинг юқори даражасига чиқариш учун барча имкониятларни ишга солиш лозим. Агар уни халқаро миқёсда танитиш имконияти бўлса, у «Реал» Мадридда ўйнаётган Арда Гюлер ва Эндрик каби футболчиларнинг эътиборига тушадиган иқтидорга эга», – дея фикр билдирганди Али Алиев.
Бироқ қозоқ футболининг яна бир машҳур вакили Булат Есмагамбетов бу фикрларга қарши чиқди ва Абдуқодир Ҳусановни юқори баҳолади:
«Ҳусанов ҳақиқий топ-даражадаги футболчи. Унинг салоҳияти юқори, ўйинларини Франция чемпионатида кузатганман. У «Манчестер Сити»га тасодифан таклиф қилинмаган. Ҳусановни Дастан Сатпаев билан таққослаш нотўғри, чунки улар майдонда турли позицияларда ҳаракат қилади, сифат ва даражалари ҳам бошқача. Абдуқодир жуда тезкор, қувватли, юқори даражадаги футболчи бўлиб шаклланмоқда», – деди Есмагамбетов.
Абдуқодир Ҳусанов Беларусь ва Франция чемпионатларидан кейин Англия Премьер-лигасида иштирок этувчи илк ўзбек футболчиси сифатида тарихга кирди. Унинг «Манчестер Сити» билан шартномаси 2029 йил ёзига қадар давом этади. Transfermarkt портали унинг бозор қийматини 35 миллион еврога баҳолаган.
Ўз навбатида, Дастан Сатпаев бу йил Қозоғистон Премьер-лигасида ўзини яхши намойиш эта бошлади. 2026 йилда 18 ёшга тўлгач, «Челси»нинг ёшлар жамоасига ўтиши кутилаётган Сатпаевнинг ҳозирги трансфер нархи Transfermarkt маълумотларига кўра, 500 минг еврони ташкил этади.
Абдуқодир ҲусановДастан СатпаевФутбол ТрансферлариМарказий ОсиёМанчестер СитиЧелси Жамоаси Янгиликлар
«Замин»ни Telegram’да ўқинг! Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг