date
views 114

Максим Шацких: “Андижон”да мухлисларни хурсанд қиладиган ҳужумкор футбол ўйнашга ҳаракат қиламиз

Максим Шацких: “Андижон”да мухлисларни хурсанд қиладиган ҳужумкор футбол ўйнашга ҳаракат қиламиз
"Андижон" клуби кеча расман Максим Шацкихни янги бош мураббий сифатида таништирди. Бугундан бошлаб жамоа машғулотлари тўлиқ равишда янги устоз қўли остида бошланди.

Максим Шацких “Андижон” клуби таклифини қабул қилиш сабаблари, ўзи севган ўйин услуби, шунингдек, Осиё Чемпионлар лигаси 2 турнири олдидан режалари ҳақида клуб матбуот хизматига дастлабки фикрларини билдирди.

“Менга "Андижон" раҳбариятидан таклиф тушганида, кўп иккиланиб ўтирмадим, чунки клубнинг инфратузилмасидан яхши хабардорман. Шу билан бирга, ашаддий ишқибозларнинг клубни қай даражада самимий қўллаб-қувватлашларини билганим ҳам бу қарорни тез қабул қилишимга сабаб бўлди. Ҳар бир ўйинда стадионнинг тўлиб-тошиб туриши футбол учун энг муҳим жиҳатлардан биридир. Ахир, футбол биринчи навбатда мухлислар учун ўйналади.

Бу мен ва мураббийлар штаби учун янги чақирувдир. Бизга билдирилган ишончни оқлаш ва масъулиятли вазифани бажариш учун бор кучимиз билан ишлаймиз. Ишқибозларни максимал даражада қониқтирадиган натижаларга эришиш асосий мақсадимиздир. Бироқ, жамоада ўзимизнинг футболга бўлган қарашларимизни шакллантириш учун маълум вақт талаб этилади. Шундагина биз орзу қилган ўйин кўринишини ярата оламиз. Ниҳоят, меҳнатларимизнинг натижасини кўрамиз. Ҳар қандай вазиятда ҳам жамоамиз ҳужумкор ва мухлислар учун завқли футбол ўйнашга ҳаракат қилади.

Ҳозирча Осиё Чемпионлар лигаси 2 мусобақаси ҳақида фикр билдиришга эрта, сабаби турнир сентябрь ойида бошланади. Ҳозирда асосий эътибор Ўзбекистон чемпионати доирасидаги ўйинларга қаратилади. Табиийки, халқаро турнирга айнан шу ўйинлар орқали тайёргарлик кўрамиз.

Сўнгги икки ўйинни стадиондан кузатдим ва жамоамизда юқори даражадаги футболчилар борлигига ишонч ҳосил қилдим. Ёзги трансфер ойнасида таркибни кучайтириш борасида ҳаракат қилишимиз шубҳасиз. Лекин аввало мавжуд таркибнинг салоҳиятини яхшироқ ўрганиб, 1-даврани муносиб тарзда якунлашимиз зарур. Шундан кейин халқаро турнир учун қандай позицияларни кучайтиришимиз лозимлиги аниқланади. Чунки ОЧЛ даражаси миллий чемпионатдан анча юқори. Шу сабабли ёзда янги футболчилар билан таркибни янада мустаҳкамлашимиз тайин”, — деди Максим Шацких клуб матбуот хизматига берган интервьюсида.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Максим Шацких: “Андижон”да мухлисларни хурсанд қиладиган ҳужумкор футбол ўйнашга ҳаракат қиламиз