date
views 326

"Манчестер Сити" финални бой берди, Холанд танқид остида

"Манчестер Сити" финални бой берди, Холанд танқид остида
Англия кубоги финалида "Манчестер Сити" сенсацион тарзда “Кристал Пэлас”га мағлуб бўлди (0:1) ва мавсумни совринсиз якунлашга мажбур бўлди. Пеп Гвардиола шогирдлари учун бу охирги имконият эди.

Эзе — ютуқка йўл очган гол муаллифи

Учрашувнинг 16-дақиқасида “Кристал Пэлас” футболчиси Эберечи Эзе жарима майдони ёқасидан аниқ зарба йўллаб, ҳисобни очди. Ушбу гол ўйин тақдирига жиддий таъсир ўтказди.

Холанд пенальтини тепмади — Мармуш гол уролмади

Беллашувнинг 33-дақиқасида “Сити” жамоаси рақиб жарима майдонидаги фол туфайли пенальти ишлаб олди. VAR текшируви орқали бош ҳакам Стюарт Аттуэлл пенальти тайинлади. Аммо гол уриш масъулиятини олмоқчи бўлган Холанд охирги пайтда тўпни Мармушга топширди. Египетлик ҳужумчи йўллаган зарбани “Пэлас” дарвозабони Хендерсон қайтаришга муваффақ бўлди.

Бу эпизоддан сўнг “Сити” ҳисобни тенглаштириш имкониятини бой берди ва беллашувдаги психологик устунлик рақиб томонга ўтди.

Уэйн Руни: “Холанд — элита эмас”

Англия футболи афсонаси Уэйн Руни пенальтини рад этган Холандни танқид қилди:

“Холанд — ажойиб тўпурар, лекин у Месси ва Роналду даражасида эмас. Бу икки юлдуз бундай вазиятда ҳеч қачон жавобгарликдан қочмайди. Месси ва Роналдуда худбинлик, яъни гол уришга бўлган қатъий ҳавас бор. Холанд бу масъулиятдан юз ўгирди”.

Финалларда натижа йўқ — нимага?

Қизиғи шундаки, Эрлинг Холанд “Манчестер Сити” сафида турли мусобақаларнинг 8 финалида иштирок этган. Бироқ, шунча финал ўйинларида у на гол ура олган ва на ассист қайд этган. Бу унинг "катта ўйинларда ютилади" деган қарашларни кучайтираётгани аниқ.

Холанднинг айни пайтдаги клубдаги ютуқлари кўп, лекин муҳим учрашувлардаги самарасизлиги унинг етакчилик салоҳиятига нисбатан саволлар уйғотмоқда.

Ҳусанов финал қайдномасида — дебют кутилаяпти

"Уэмбли"да бўлиб ўтган ушбу финал баҳси қайдномасига ўзбекистонлик ёш ҳимоячи Абдуқодир Ҳусанов ҳам киритилди. Афсуски, у майдонга тушмади ва ўйинни захира ўриндиғидан кузатди. Шу билан бирга, бу унинг етакчилар қаторида кўрилганидан далолат беради.

Абдуқодир Ҳусанов 2024 йил январь ойида Франциянинг “Ланс” клубидан “Манчестер Сити”га келганида Эрлинг Холанднинг уни қўллаб-қувватлагани мухлислар эсидан чиқмаган. Шу боис, Холанднинг бу финалдаги хато қарорини мухлислар Хусановни "тўғри қаршилаган" инсон сифатида эмас, "етакчиликда қийналаётган" футболчи сифатида ҳам баҳолашмоқда.

Zamin.uz таҳририятидан:
"Сити"нинг финалдаги мағлубияти кўплаб саволларни очиқ қолдирди. Эътиборли жиҳати шундаки, клуб таркибида жаҳон юлдузлари бўлганига қарамай, ҳал қилувчи ўйинлардаги тажриба ва тайёргарлик етишмайди. Холанднинг пенальтидан қочиши ва финаллардаги самарасизлиги устида жиддий мулоҳаза қилиш вақти келди.

Сиз бу финал ва Холанднинг ҳаракатини қандай баҳолайсиз? Ҳусановга ёзда имконият бериларми?
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » "Манчестер Сити" финални бой берди, Холанд танқид остида