date
views 1 081

Ўзбекистоннинг U-17 Осиё кубогидаги иштироки эътироф этилди

Ўзбекистоннинг U-17 Осиё кубогидаги иштироки эътироф этилди
Жорий йил Саудия Арабистонида бўлиб ўтган U-17 Осиё кубогида фаолият олиб борган ОФК техник гуруҳи (учрашувлар ва жамоаларнинг ўйин услубларини таҳлил қилувчи жамоа) мусобақада иштирок этган жамоалар ҳақида таҳлилий хулосаларни эълон қилди. Бу ҳақда Ўзбекистон футбол ассоциацияси матбуот хизмати хабар берди.

Ушбу таҳлил давомида Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоасининг ўйинлари, бош мураббий Исломбек Исмоилов томонидан учрашувларда фойдаланилган тактикалар ва жамоанинг умумий кўрсаткичлари алоҳида эътироф этилган ҳамда жамоанинг ҳужум ва ҳимояда кўрсатган ўйини, индивидуал ва жамоавий ёндашувлар, вазиятни якунлашдаги аниқ хатти-ҳаракатлар техник кузатувчилар томонидан юқори баҳоланган.

“Исмоиловнинг мураббийлик услуби доимо ҳужумкор ўйин кўрсатишга асосланган. У жамоасини ўйин жараёнида фақат ҳимояланишга эмас, балки ҳар доим ҳужумга йўналтириб, рақибнинг жарима майдонига киришга ундади. Бош мураббийнинг асосий мақсади ҳужумда очиқ ўйин ташкил қилиш ва ҳимоядаги хатолардан қочиш эди. Мусобақа давомида Ўзбекистон U-17 жамоаси кенг ҳудудларда тўпни тез узатиш, тўғри ва диагонал узатмалардан самарали фойдаланди. Шунингдек, жамоанинг стандарт вазиятлардаги ҳаракатлари ҳам ўз самарадорлигини кўрсатди.

Фото: ЎФА
Ўзбекистон жамоасининг асосий ютуғи, ҳимоядаги қатъият ва ҳужумдаги самарадорлик эди. Жамоа турнир давомида барча ўйинларда ғалаба қозониб, мусобақанинг энг кўп гол урган жамоасига айланди. Шунингдек, индивидуал совринларнинг барчаси ўзбекистонлик футболчиларга насиб этди. Бу муваффақиятда, жамоанинг ҳужумкорлиги ва ҳар бир футболчининг майдондаги вазифасини яхши бажариши муҳим аҳамиятга эга бўлди.

Фото: ЎФА
Финалга йўл олган жамоанинг иродаси, айниқса, Саудия Арабистонига қарши бўлган ҳал қилувчи учрашувда ўз аксини топди. Ўйин давомида икки футболчиси қизил карточка олиб майдонни тарк этган Ўзбекистон U-17 жамоаси руҳий жиҳатдан оғир синовдан ўтди. Бироқ, бош мураббий Исломбек Исмоилов ўз футболчиларини руҳлантириб, уларга ишонч бера олди.

Фото: ЎФА
“Менга ишонинг, биз бу ўйинни юта оламиз”, деган сўзлари жамоага таъсир ўтказди ва улар якунда ғалабага эришди. Бу эса ҳеч қачон умидни йўқотмаслик ва охиригача курашиб натижага эришиш мумкинлигини исботлади”, дейилади ОФК техник гуруҳи хулосасида.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Ўзбекистоннинг U-17 Осиё кубогидаги иштироки эътироф этилди