
Мадридда катта футбол воқеаси — “Реал” клубининг янги бош мураббийи Хаби Алонсо расман жамоага таништирилди. 43 ёшли мутахассиснинг тайинланиши нафақат “қаймоқранглилар”, балки бутун футбол жамоатчилиги учун ҳам катта янгилик бўлди.
Таништирув маросимида Алонсо ўзининг самимий ва ҳаётий нутқи билан барчани ҳайратга солди. Унинг сўзларидан жамоага ва “Реал” маданиятига бўлган муҳаббати сезилиб турди.
— Ҳаммага хайрли тонг. Бугун мен учун алоҳида, эсда қоларли кун. Бу ер — менинг уйим. Мадриддаги мухлисларимнинг ҳаяжонини ҳис қиляпман. Бу фақат мен учун эмас, балки барчамиз учун муҳим лаҳза, — дея сўз бошлади Хаби Алонсо.
У ўз нутқида Карло Анчелоттига алоҳида тўхталди ва унинг устозлик ролини эътироф этди:
— Анчелотти менга мураббий сифатида жуда кўп нарсани ўргатган инсон. Агар у бўлмаганида, эҳтимол, бу ерда турмаган бўлардим. Унинг ўрнини эгаллаш мен учун улкан шараф ва масъулият. Ҳозир менинг вазифам — ана шу даражага мос бўлиш, — деди у.
Хаби Алонсо жамоанинг салоҳиятига юқори баҳо берди ва “Реал”ни янада буюк қилиб қайта қуриш ниятида эканини билдирди:
— Бизда ажойиб жамоа бор — ҳар томонлама етук ва иқтидорли футболчиларга эгамиз. Мен амбицияли, юракдан ўйнайдиган, мақсад сари интиладиган жамоа қурмоқчиман. “Реал” Мадрид номи тарихда қандай бўлган бўлса, келажакда ҳам шундай ёрқин бўлиши керак.
У шунингдек, “Реал” мухлисларининг ифтихорли сўзларини тинглашни исташини алоҳида таъкидлади:
— Шуни хоҳлайманки, мухлислар жамоамизга қараб “Ана шу — менинг ‘Реал Мадрид’им!” деб айтсинлар. Бу биз учун энг катта мақтов бўлади, — дея нутқини якунлади испаниялик мутахассис.
Эслатиб ўтамиз, Хаби Алонсо “қироллик клуби” билан 2028 йил ёзигача мўлжалланган шартнома имзолаган. Унинг келиши жамоа учун янги саҳифа, янги умид ва янги ғалабалар бошланиши бўлиши мумкин. Энди эса мухлисларни янги мавсумда қандай “Реал” кутаётгани қизиқтираяпти. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар