date
views 609

Перес Хаби Алонсонинг “Реал” бошқарувига келиши ҳақида нималар деди?

Перес Хаби Алонсонинг “Реал” бошқарувига келиши ҳақида нималар деди?
“Реал Мадрид”да янги давр бошланди. Бир неча дақиқа аввал клуб расман Хаби Алонсони жамоанинг бош мураббийи сифатида таништирди ва у билан расмий шартнома имзоланди. Мазкур тарихий лаҳзадан сўнг клуб президенти Флорентино Перес жонли эфир орқали ўз таассуротлари билан ўртоқлашди.

Унинг сўзларига қараганда, “Реал” — фақат футбол жамоаси эмас, балки бутун дунё бўйлаб миллионлаб инсонларнинг юрагида яшайдиган ҳис-туйғулар манбаи.

— Мадридизм — бу ҳар куни юракда қайта жонланаётган ифтихор ва садоқатдир. “Реал Мадрид” дунёдаги энг машҳур клублардан бирига айланган бўлса, бу — биз ифодалайдиган қадриятлар туфайли. Гербимиз ортида минглаб соатлик меҳнат, бетиним ҳаракат ва буюк ғалабалар ётади, — деди Перес тантанали маросимда.

Унинг таъкидлашича, клуб ўз тарихининг янги саҳифасини айнан Хаби Алонсо билан бошлаётганидан мамнун. Сабаби, у “Реал”нинг фалсафасини тўлиқ ҳис қиладиган, клубнинг руҳини танийдиган инсон.

— Биз бугун ўзимизга хос, севимли инсонни қутлаб оляпмиз. Хаби Алонсо — нафақат кучли мураббий, балки “Реал Мадрид”нинг қалбини, руҳини, тарихи ва буюклигини юрагида ҳис қилувчи шахс. У ўз вақтида бу клуб шарафини футболчи сифатида ҳимоя қилган, энди эса бош мураббий сифатида янги тарих яратишга тайёр, — дея қайд этди Перес.

Президентнинг таъкидлашича, клубнинг энг катта кучи — бу орзуларга ишониш ва улар сари тинимсиз интилишдир. “Реал” ҳар доим ғалаба учун майдонга тушади ва бу руҳ янгидан-янги қаҳрамонларни етиштириб чиқаради. Энди эса навбат Хаби Алонсонинг мураббий сифатидаги саҳифасига етди.

Эслатиб ўтамиз, Хаби Алонсо “қироллик клуби” билан 2028 йил ёзигача шартнома имзолади. Унинг бош мураббий сифатидаги илк расмий ўйини Клублар ўртасидаги Жаҳон чемпионати доирасида “Ал-Ҳилол”га қарши бўлади.

Мадридлик мухлислар эса энди яна бир бор орзу қилишни бошлашди — чунки уларнинг севимли клубига “ўз фарзанди” қайтди. Жамоа олдинда турган синовларга тайёр ва янги раҳбар қўл остида янада катта мақсадлар сари интилишга бел боғлади.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Перес Хаби Алонсонинг “Реал” бошқарувига келиши ҳақида нималар деди?