
Ҳаётда ўз мақсадини амалга ошириш учун ёш ҳеч қачон тўсиқ эмас. Буни яқинда Тайванда бўлиб ўтган Бутунжаҳон ветеранлар ўйинларида (World Masters Games) тўртта олтин медални қўлга киритиб, ҳаммага исботлаган 105 ёшли таиландлик спортчи Саванг Жанпрам яққол намойиш қилди.
105 ёшда аксарият инсонлар ё тўшакка михланиб қолади ёки уйларида тинч ҳаёт кечириб, фарзандлари ва набиралари билан вақт ўтказади. Лекин Саванг Жанпрам аксинча, бу ёшда ҳам юқори спорт натижаларига эришиб, ҳаётий фаолликнинг намунасини кўрсатмоқда.
Тайванда ташкил этилган Бутунжаҳон ветеранлар ўйинларининг энг кекса иштирокчиси сифатида Саванг Жанпрам “100 ёшдан катталар” номли махсус категорияда ягона иштирокчи бўлган. Бу дегани, унга ғолиб бўлиш учун мусобақани шунчаки тугатиш ҳам етарли бўлган. Аммо таиландлик чемпион шунчаки иштирок билан кифояланмасдан, мусобақаларнинг турли турларида фаол қатнашиб, жаҳон спорт жамоатчилигини ҳайратда қолдирди.
Жанпрам найза улоқтириш, диск улоқтириш, 100 метрга югуриш ва тош отиш каби енгил атлетика мусобақаларида иштирок этиб, ҳар бирида ўзининг ғалабага бўлган хоҳиш-иродасини кўрсата олди. Ушбу беллашувлардаги ютуқлари билан чемпион ўзининг умумий медаллар сонини 60 тага етказди.
Қизиғи шундаки, бу ўйинларда Саванг Жанпрамнинг 73 ёшли қизи Сирипан ҳам қатнашиб, учта медални қўлга киритди. Ота ва қизнинг биргаликдаги бу ғалабалари кўпчилик учун намуна бўлиб, нафақат Таиландда, балки бутун дунёда катта қизиқишга сабаб бўлди.
Жанпрамнинг ҳаёт йўли ҳам кўпчиликни лол қолдирган. У авваллари мактаб директори бўлиб фаолият олиб борган ва умрини таълим соҳасига бағишлаган. Нафақага чиққанидан кейин эса, 80 ёшида у ёшлардан фарқ қилмасликка қарор қилиб, спорт билан шуғуллана бошлади. Бунинг сабабини эса у ўзи шундай тушунтиради:
«80 ёшимда кўплаб тенгдошларимнинг касаллик туфайли фаоллигини йўқотиб қўйганини кўрдим ва шуни англадимки, мен уларга ўхшаб қолмаслигим керак. Ҳаракатда бўлиш ва саломатлигимни сақлаш учун спорт билан шуғулланишни бошладим», – дейди чемпион.
У илк бор спорт мусобақаларида 90 ёшдан кейин иштирок эта бошлаган ва шундан бери ҳар бир беллашувда ўз натижаларини яхшилашга интилади. Ҳозирги кунда 105 ёшли спортчи ҳафтасига 3-4 марта доимий равишда югуриш билан шуғулланади ва ҳар куни уйининг атрофида сайр қилишни канда қилмайди.
Бутунжаҳон ветеранлар ўйинлари ҳар тўрт йилда бир марта ўтказиладиган нуфузли халқаро спорт тадбиридир. Унда асосан 30 ёшдан юқори бўлган спортчилар иштирок этади. Бу мусобақанинг асосий мақсади эса, кекса ва ўрта ёшдаги инсонларни фаол турмуш тарзига ундаш, уларга спорт билан доимий шуғулланиш учун имконият яратишдир.
105 ёшида дунё спорт тарихига ўз номини ёзган Саванг Жанпрамнинг бу муваффақияти бутун жаҳон бўйлаб кўплаб инсонлар учун намуна бўлиб қолмоқда. Бу спортчининг ғалабалари орқали кўпчилик инсонлар учун янги орзулар, янги умидлар уйғонади.
Шу тариқа, Жанпрам барчага ҳаётда ҳеч қачон кеч бўлмаслигини исботлаб берди. Унинг бу мисоли нафақат кекса ёшдагилар, балки ҳар қандай ёшдаги инсонлар учун ҳам катта мотивация манбаи бўлади.
Ҳаётни севиш, ўзини доим формада тутиш, саломатликка эътибор бериш – бу Саванг Жанпрамнинг фалсафасидир. Бу ўзига хос спортчи ҳар биримизга кучли руҳият, чексиз хоҳиш ва ирода билан барча нарсага эришиш мумкинлигини кўрсатди.
105 ёшли таиландлик спортчи тарих саҳифаларига ўз номини олтин ҳарфлар билан ёзди. У нафақат ўз юрти, балки бутун инсоният учун ҳам ҳақиқий мотивация ва илҳом манбаи сифатида қолаверади. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар