
Футбол дунёсидаги афсонавий дуэт — Луис Суарес ва Лионель Месси майдондаги ҳамкорликни энди бизнес майдонида ҳам давом эттиришмоқда. “Интер Майами” клуби сафида тўп суриб келаётган ҳужумчи Луис Суарес ўз футбол клубини ташкил этганини эълон қилди. Ушбу янги лойиҳа "Депортиво ЛСМ" деб номланиб, Уругвай чемпионатининг 4-лигасида фаолият юритади.
Қизиғи шундаки, жамоа асосчиларидан бири сифатида Лионель Мессининг ҳам номи тилга олинмоқда. Аргентиналик юлдуз нафақат майдонда, балки ишбилармон сифатида ҳам Суареснинг бизнес шеригига айланди. Бу футбол оламида катта таассурот уйғотган ҳамкорлик ҳисобланмоқда.
Месси 2023 йил ёзида “Интер Майами”га келиб қўшилган ва шу пайтгача 57 учрашувда иштирок этиб, 45 та гол ва 21 та голли узатмага муаллифлик қилган. Унинг клубдаги таъсири нафақат статистика, балки маркетинг ва мухлислар эътибори жиҳатидан ҳам улкан аҳамият касб этмоқда.
Суарес эса 2024 йил бошида жамоага қўшилди ва қисқа вақт ичида 56 ўйинда 30 та гол урди, 20 та ассист қайд этди. Унинг профессионал фаолиятидаги юқори савия ва ғалабага бўлган чанқоқлиги энди янги клуб орқали ёшларга ўрнак бўлиб хизмат қилади.
“Депортиво ЛСМ” лойиҳаси орқали икки юлдуз нафақат янги авлод футболчилари учун майдон яратмоқчи, балки миллий чемпионатда рақобатни кучайтириш, ёш истеъдодларни кашф этиш ва Уругвай футболига туртки беришни мақсад қилган.
Футбол мухлислари энди нафақат Суарес ва Мессининг ўйинларини, балки улар бошчилигидаги янги клубнинг қандай ривож топишини ҳам қизиқиш билан кузатишади. “Депортиво ЛСМ” — нафақат клуб номи, балки ҳақиқий футбол анъаналарига тянган янги саҳифа бўлиши мумкин. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар